Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.01.2018 14:15 Чоп этиш версияси

Андижонда оналар аскар ўғиллари билан дийдорлашди

Андижонда Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 26 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб “Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир!” шиори остида ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва таълим муассасаларида маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Андижон ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида Андижон ва Бухоро вилоятларида йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг оналари иштирокида ўтказилган видеомулоқот уларнинг ҳаётида унутилмас воқеага айланди.

– Ушбу мулоқот ҳақиқатдан ҳам аскарлар ва уларнинг оналарига чексиз қувонч ва ўзгача сурур бағишлади, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова. – Бухорода ўз йигитлик бурчини ўтаётган фарзанди билан бевосита мулоқот қилиш ҳар қандай онанинг кўнглига хотиржамлик бахш этади. Оналар ҳарбийлар ҳаёти, уларга яратиб берилган шароитлар ҳақида фарзандлари билан суҳбатлашди, дил сўзларини, байрам тилакларини изҳор этди.

– Ўғлим Файзулло Авазхонов болалигидан ҳарбий бўлишни орзу қиларди, – дейди Олтинкўл тумани Маслаҳат қишлоғида яшовчи О.Мўйдинова. – Нияти амалга ошиб, бугун ўз йигитлик бурчини Бухоро вилоятида адо этмоқда. Видеомулоқотда ўғлимни ҳарбий либосда кўриб, беихтиёр тўлқинланиб кетдим. Ватан корига ярайдиган фарзанд тарбиялаганимдан қандайдир ғурур туйдим.

Аскар оналарига Андижон вилояти ҳокимлигининг совғалари берилди, бадиий жамоалар, санъаткорлар ижросида концерт дастури намойиш этилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
8 692