ЎзА Ўзбек

11.08.2018 13:16 Чоп этиш версияси

Андижонда хотин-қизлар жиноятчилиги ва оилавий ажримлар нега кўпайган?

Андижонда хотин-қизлар жиноятчилиги ва оилавий ажримлар нега кўпайган?

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш масалалари юзасидан Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг кенгайтирилган қўшма мажлисида Андижон вилоятида хотин-қизлар жиноятчилиги, айниқса, оилавий ажримлар ортиб кетганлиги танқид остига олинди. 

Умуман, бу борада вилоятда ҳолат қандай, аҳволни яхшилаш бўйича нима ишлар олиб борилмоқда? ЎзА мухбири ана шу саволлар доирасида Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова билан суҳбатлашди.

– Вилоятда хотин-қизлар жиноятчилиги бўйича ҳолат қандай, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик асосан қайси йўналишларда ортган?
– Вилоятимизда хотин-қизлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари, бунга олиб келаётган омил ва сабабларни ўрганиш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Бироқ шунга қарамасдан опа-сингилларимиз иштирокида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатларининг қайд этилаётганлиги бу борада ҳали кўп ишлар қилишимиз кераклигини тақозо этади.

Хусусан, вилоятда жорий йилнинг 7 ойида аёллар томонидан 286 та жиноят содир этилган. Бундан ташқари, эрта туғруқ, оилавий ажримлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ортган, 52 нафар хотин-қиз ўз жонига қасд ёки суиқасд қилган. Қайд этилган жиноятларнинг асосий қисмини фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, қонунга хилоф равишда чет элга чиқишга уриниш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан давлат мулкини талон-торож қилиш, ўзгалар мулкини ўғирлаш, қасддан тан жароҳати етказиш ташкил этди. Жалақудуқ туманида эса 1 нафар қотиллик содир этилди.

– Мавжуд ҳолатни яхшилаш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Ушбу ҳолатлар ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш Республика Комиссияси ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қўшма йиғилишида муҳокама қилиниб, тизим ва мутасадди идораларга бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича вазифалар белгиланган. 

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда мавжуд ҳолатни яхшилаш, жиноятлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, тизимли ишлар ташкил этилди. Жумладан, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш бўйича Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорлик Меморандум имзоланиб, қатор йўналишларда ишлар олиб борилмоқда. 

Жиноят содир этишга мойиллиги бўлган 83 оила, жазони ижро этиш муассасасидан қайтган 102 аёл, жиноят содир этган 315 нафар хотин-қизнинг оиласи, шунингдек, 462 та нотинч оилалар билан якка тартибда иш олиб бориш йўлга қўйилди. Нотинч оилалар ва жиноятчи аёлларнинг ҳар бирига жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаолларидан иборат мураббийлар бириктирилди.

Муқаддам судланиб, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 50 нафар хотин-қизни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш ва психологик-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида улар алоҳида назоратга олинди. Жумладан, 11 нафарининг бандлигини таъминлашда, 13 нафарининг саломатлигини тиклашда кўмаклашилди. 15 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, 12 нафарига ҳуқуқий, 9 нафарига психологик маслаҳатлар берилди.

Аҳоли хонадонларини ўрганиш давомида оила-турмуш доирасидаги ҳамда хотин-қизлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган 430 та жиноятнинг олди олинди.

Вилоятдаги секторлар таркибида иш олиб бораётган хотин-қизлар қўмиталари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 120 минг 807 хонадонга кириб, 21 минг 230 та муаммо аниқланди. Уларнинг 13 минг 59 таси ўша жойнинг ўзида, 2 минг 998 таси туман миқёсида, 49 таси вилоят даражасида ҳал этилди. 

– Вилоятда оилавий ажримларнинг ортиб кетишини қандай изоҳлайсиз?
– Дарҳақиқат, жорий йилнинг ўтган даврида 1973 та оилавий ажрим қайд этилиб, ўтган йилга нисбатан ортган. Бу албатта барчамизни жиддий ташвишга солади, ажримларнинг олдини олиш, уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз зарурлигини кўрсатади. 

Таҳлилларга кўра, қайнона-келин, қуда-андалар ва бошқа оила аъзолар ўртасидаги келишмовчиликлар, фарзандсизлик, қонуний никоҳи бекор бўлмасдан эркакнинг бошқа аёлга шаръий никоҳ асосида уйланиб олиши, эркак ёки аёлнинг чет элга ишлаш учун чиқиб кетганлиги, оила бошлиғининг ичкиликка берилиши сингари омиллар ажримларга асосий сабаб бўлмоқда. 

Вилоятда бу борадаги ишларни яхшилаш бўйича ҳам зарур ишлар олиб борилмоқда. Вилоят ҳокимининг фармойиши билан “Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ойлиги” ўтказилди. Ойлик доирасида вилоятдаги нотинч, ажрим ёқасида турган, турли муаммолари бўлган оилалар қайта хатловдан ўтказилди, мазкур оилаларда тинчлик-хотиржамлик, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган тарғибот-тушунтириш ишлари доимий равишда ўтказиб борилмоқда. 

Жумладан, туман-шаҳар ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари томонидан давра суҳбати, мулоқот ва маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бундан ташқари, 2298 та турли муаммо ва келишмовчиликлари мавжуд оилалар аниқланиб, 1514 тасидаги муаммолар бартараф этилди. Алимент тўловидан бўйин товлаб юрган 1439 нафар оталардан фарзандларининг моддий таъминоти учун пул ундирилди. Хонадонидаги келишмовчиликлар туфайли ота-онасининг уйига кетиб қолган 818 нафар аёл оиласига қайтарилди. Шаръий никоҳ билан яшаб келаётган 3 минг 965 оиланинг 1492 таси никоҳи қонуний расмийлаштирилди, 1550 оила ажралиб кетишининг олди олинди.

Бундан ташқари, эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ҳамда оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича уларнинг ҳар бири билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, муросага келтирилмоқда. Бундай оилаларга маҳалладаги намунали оилалар вакиллари, маҳалла фаоллари, Ҳаж зиёратини адо этган отахон ва онахонлардан иборат мураббийлар бириктирилмоқда.

Ҳафтанинг ҳар чоршанбаси вилоятда “Оилаларни мустаҳкамлаш куни” деб белгиланган бўлиб, ўша куни оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

– Нотинч оилалардаги ҳолатни яхшилаш ҳамда қийин шароитларда турмуш кечираётган аёлларнинг турмушини яхшилаш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Минг афсуски, айни кунда вилоятимизда 529 нотинч оила, оғир турмуш шароитида яшаётган 3 минг 965 нафар хотин-қиз рўйхатга олинган. 

Ҳар бир нотинч оила билан бевосита ишлаш тартиби жорий этилди. Уларнинг муаммолари ўрганилиб, жамоатчилик вакиллари бириктирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида нотинч оилаларнинг 104 тасига моддий ёрдам кўрсатилди, 18 нафарининг коммунал тўловлари тўлаб берилди, 12 нафарининг яшаш жойи, 28 нафарининг бандлигини таъминлаш, 16 нафарига кредит ажратиш билан боғлиқ муаммо ҳал этилди. Олиб борилган ишлар натижасида 214 та оиладаги муаммолар тўла бартараф этилди. 

Вилоятда оғир турмуш шароитида яшаётганларнинг аксариятини ногиронлиги бор аёллар, кам таъминланган оилалар вакиллари ташкил этади. Бу аёлларнинг 1282 нафарига саломатлигини тиклаш учун тиббий ёрдам кўрсатилди, 1223 нафарининг бандлигини таъминланди, 2059 нафарига моддий ёрдам берилди. 

Президентимизнинг жорий йилнинг 19-20 май кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқларига асосан, қийин шароитларда яшаётган, инқирозли ҳолатларга тушиб қолган, хорижий давлатлардан депортация қилинган опа-сингилларимизга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик кўмак бериш мақсадида вилоятда фаолият олиб бораётган “Меҳримиз Сизга” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш маркази фаолияти янада такомиллаштирилди. Айни кунда Андижон шаҳри, Асака, Балиқчи, Избоскан, Олтинкўл, Шаҳрихон, Қўрғонтепа туманларида ана шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилди.

Ф. Убайдуллаев​, ЎзА
7 489