ЎзА Ўзбек

11.02.2019 Чоп этиш версияси

​Андижонда газ таъминоти яхшиланмоқда

​Андижонда газ таъминоти яхшиланмоқда

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Андижон вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан аҳолига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш борасида эътиборга молик ишлар қилинмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари, дастурлар, фармон ва қарорлар ижроси доирасида белгиланган барча ишлар тегишли тартибда амалга оширилмоқда, – дейди “Ўзтрансгаз” АЖ Андижон вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали раҳбари Давронбек Салоҳиддинов. – Жумладан, вилоятда намунали лойиҳалар асосида барпо этилган 1 минг 205 та уй-жойнинг 564 тасига техник ҳужжат тайёрланиб, 12,7 километр узунликда газ қувури тортилди ва табиий газ билан таъминланди, 641 та янги хонадонга суюлтирилган газ баллони етказиб берилди.

4.JPG

Ана шу ишлар натижасида аҳолига газ етказиб бериш тубдан яхшиланди.

– Аввал Андижон шаҳри марказидаги умумий ҳовлиларда яшасак-да, табиий газ таъминоти бўйича, айниқса, қиш ойларида қийналар эдик, – дейди Хўжаобод тумани Хидирша массивида барпо этилган “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалласидаги уйлардан бирида яшовчи меҳнат фахрийси Неъматжон Нурматов. – Ўтган йил кузда яшаш учун етарли шароитлар бўлмаган, тор ва кўримсиз умумий ҳовлиларимизнинг бузилиши ҳисобига берилган 2 сотихли намунали уйларга кўчиб ўтдик. Газ таъминоти корхонаси ҳар бир хонадонга газ тушириб берди. Мана, қишнинг аёзли кунлари ҳам ортда қолаяпти, табиий газ бўйича умуман муаммо бўлгани йўқ.

5.JPG

Шунингдек, ўтган йили Андижон шаҳрида қурилган кўп қаватли 14 та уй, шунингдек, ҳарбийлар, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар тизими ходимлари учун қурилган 9 та кўп қаватли хизмат уйларига 2,32 километрлик газ қувури тортилиб, уйлар тўла газлаштирилди.

Куз-қиш мавсумида газ таъминоти тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 3 минг 649 та газ тақсимлаш қурилмаси техник кўрикдан ўтказилди. 152,9 километрлик газ тармоғи юқори босим остида синовдан ўтказилиб, тозаланди.

Аҳолига вилоятдаги бешта газ тўлдириш пункти орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Албатта, етказиб берилаётган газ ҳажми ҳам йилдан-йилга ортаётир. Хусусан, 2017 йилда 34 минг 777 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 42 минг 578 тоннани ташкил этди.

8.JPG

Янада қулайлик яратиш, суюлтирилган газ билан таъминланиш даражасини яхшилаш мақсадида суюлтирилган газ баллони тарқатишга мўлжалланган 7 та “ISUZU” русумли, 27-30 тонна ҳажмдаги суюлтирилган газ ташувчи 7 та “МАN” русумли махсус автотранспорт воситалари харид қилиниб, газ тўлдириш станциялари ихтиёрига берилди. Шунингдек, Шаҳрихон, Қўрғонтепа ва Асака туманларидаги газ тўлдириш пунктлари ҳудудларида маиший газ баллонларини техник синовдан ўтказиш ва таъмирлаш марказлари ташкил этилди. Амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида аҳолини табиий газ билан таъминлаш борасидаги муаммолар бартараф қилинди.

Булоқбоши туманида аниқланган 2 та янги газ кони ишга туширилди. Туман ҳудудидаги ер ости газ тармоғи қайта реконструкция қилиниб, 1,5 километрлик газ қувури тортилди. Натижада 6 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ҳудуднинг табиий газ таъминоти тубдан яхшиланди. Бундан ташқари, Асака туманида 2 километр ер ости газ тармоғи таъмирланиб, 1000 дан ортиқ хонадонга хавфсиз табиий газ етказиб берилмоқда.

Соҳа мутахассислари томонидан корхона-ташкилотлар, муассасалар ва аҳоли хонадонларидаги ностандарт иситиш қозонларини тежамкор замонавий қозонларга алмаштириш, газни тежамкорлик билан сарфлаш, шунингдек, газдан фойдаланишда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этишга қаратилган кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

5 918
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА​