Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2018 19:54 Чоп этиш версияси

Андижонда бир оиланинг 4 нафар аъзоси жароҳатланди

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда Андижонда табиий газнинг портлаши оқибатида бир оиланинг бир неча аъзоси жароҳат олганлиги ҳақида хабар тарқалди. Аслида воқеа қандай бўлган эди?

Вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси мутахассисларининг маълумотига кўра, Андижон шаҳар “Меҳнат” маҳалла фуқаролар йиғини, Туркистон кўчасида яшовчи Шерали Дўсматов хонадонида қўлбола газ сўргич мосламаси жўмраги тўлиқ беркитилмаганлиги натижасида хонада табиий газ тўпланиб, электр чироғи ёниши билан чақнаш содир бўлган. Оқибатда хонадон соҳиби Шерали Дўсматов, турмуш ўртоғи Гулмира Дўсматова, фарзандлари Шукурилло ва Хумоюн Дўсматовлар турли даражада куйиш тан-жароҳати олиб, оғир аҳволда шифохонага ёткизилган. Бундан ташқари, хонадон катта миқдорда моддий зарар кўрди, бутун маҳалланинг тинчи бузилди.

Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан олиб борилаётган профилактик-тушунтириш ишларига, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, айрим фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслиги оқибатида жорий йилнинг ўтган даврида Андижон вилоятида 148 ёнғин ҳодисаси содир бўлди. Ёнғинлар натижасида 5 нафар фуқаро тан-жароҳати олиб, шифохонага ёткизилди, 6 нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмди.

Содир бўлган ёнғинлар таҳлил қилинганда, асосан аҳоли хонадонларида иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларига амал қилмаслик, электр симларининг қисқа туташуви, фойдаланилаётган газ ва электр жиҳозларининг носозлиги ёнғинга сабаб бўлганлиги аниқланган.

Юқоридаги каби кўнгилсизликлар келиб чиқмаслиги учун фуқаролар ҳамиша ҳушёр бўлиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиши зарур.

Фаҳриддин Убайдуллаев, ЎзА
9 439