Андижонда “Билимдон ватанпарвар” фан олимпиадасининг республика босқичи якунланди
Иштирокчилар ҳарбийлар томонидан намойиш этилган ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси билан танишди.
Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия тасарруфидаги “Темурбеклар мактаби” ҳамда академик лицейлар ўқувчилари ўртасида “Билимдон ватанпарвар” фан олимпиадасининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Иштирокчилар ҳарбийлар томонидан намойиш этилган ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси билан танишди. Ўтказилган фан олимпиадасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда мамлакатимизнинг барча вилоятлардан турли йўналишлар бўйича 18 жамоа таркибида 162 нафардан зиёд ўқувчи иштирок этиб, тарих, математика, физика фанлари бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди.
Қизғин ўтган олимпиаданинг якуний натижаларига кўра, Самарқанд вилояти вакили Шоҳжаҳон Шукуров тарих, Тошкент шаҳри вакили Шаҳбоз Сувонов физика, Бухоро вилояти вакили Азизбек Ҳабибов математика фани бўйича 1-ўринни эгаллади.
– Ушбу олимпиада билимларимизни яна бир бор синовдан ўтказди, – дейди ғолиблардан бири, бухоролик Азизбек Ҳабибов. – Олимпиадага жиддий тайёргарлик кўрган эдим, шу боис ҳам ғолиблар қаторидан жой олдим. Қолаверса, ушбу муваффақият зиммамга янада катта масъулият юклайди, янада фаол бўлишга ундайди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.