ЎзА Ўзбек

01.06.2018 12:26 Чоп этиш версияси

Андижонда “Avtotest ва болалар” ижтимоий акцияси ўтказилди

Андижон шаҳридаги 53-мактабгача таълим муассасасида “Биз йўл ҳаракати қоидаларини ўрганамиз” деб номланган ўйинли машғулотлар ўтказилди.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Avtotest” компанияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигидаги “Avtotest va bolalar” ижтимоий лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда мамлакатимизда ёш авлодни соғлом ва баркамол, юксак интеллектуал салоҳиятли қилиб вояга етказиш, хусусан, болаларнинг йўл ҳаракати қоидалари борасидаги билим ва тушунчаларини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

“Avtotest” компанияси мутахассислари, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан флешмоб шаклида ўтказилган машғулотларда йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб этувчи ўйинли машғулотлар ташкил этилиб, болаларга йўл ҳаракати белгиларига амал қилиш, йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш ва транспортда ўзини тутиш, йўлнинг қайси қисмидан, қандай кесиб ўтиш, йўл белгилари ҳақида тушунча ва маълумотлар берилди.

Машғулотлар махсус ишлаб чиқилган технологик хариталар, кўргазмали воситалар ва интерфаол усуллар асосида ўтказилиб, болаларга йўл ҳаракати қоидалари акс этган ўзбек ва рус тилларидаги буклетлар тарқатилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
5 404