ЎзА Ўзбек

29.08.2018 16:34 Чоп этиш версияси

Андижонда 87 та бино ва иншоотнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди

Андижонда 87 та бино ва иншоотнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди
Халқимиз энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини кўнгилдагидек ўтказиши, байрам тадбирлари ташкил этиладиган масканларда, шунингдек, корхона ва муассасаларда, аҳоли хонадонларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин хавфсизлиги тизими ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Шу боис тизим ходимлари умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш, байрам кунларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш масалаларига жиддий эътибор қаратмоқда. Андижон вилояти ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.

– Мустақиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш даврида жамоат тартибини сақлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича режа асосида ташкилий-амалий тадбирлар олиб борилмоқда, – дейди вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Абдуғани Авазов. – Вилоятда Мустақиллик байрамининг асосий тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган 18 маскан атрофида жойлашган ташкилот, муассаса ва аҳоли турар жойлари, кўп қаватли уйларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганиб чиқилди. Текширувлар жараёнида аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Айни кунларда соҳа ходимлари томонидан ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш, аҳолининг бу борадаги билимини ошириш борасида зарур профилактик ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллаларда, корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида учрашувлар, суҳбатлар ўтказилмоқда.

Байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган жойларда жамоат тартибини, хавфсизлик ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган “Антитеррор”, “Тозалаш”, “Ёнғин профилактикаси” тадбирлари ўтказилди.

Мазкур тадбирлар доирасида 316 та кўп қаватли уй ва уларнинг ертўласи, томи, 55 мингга яқин ҳовли, 87 шифохона, 46 бозор ва унинг филиаллари, 500 дан ортиқ савдо дўкони ҳамда маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 12 автомобиль турар жойининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати мониторинг тариқасида ўрганиб чиқилди. Жойларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаган 117 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди, ёнғин келиб чиқиш эҳтимоли бўлган 87 бино ва иншоотнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Бундан ташқари, байрам тадбирлари ўтказиладиган ҳамда ўта муҳим ва тоифаланган масканларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун зарур техник восита ва жиҳозлар шай ҳолатга келтирилди. Юз бериши мумкин бўлган ёнғинларни беталафот бартараф этиш борасида шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлиги ва профессионал маҳоратини юксалтириш борасида ҳам зарур ишлар амалга оширилди.

Байрам тадбирлари ўтказиладиган масканларда фавқулодда вазиятлар юзага келганда томошабинлар ва иштирокчиларни эвакуация қилиш, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги хизмати шахсий таркибининг жанговар тайёргарлиги ва профессионал маҳоратини ошириш мақсадида режа асосида 18 марта ёнғин ўчириш амалий-тактик машғулоти ўтказилди. Ана шу тадбирлар доирасида 11 ер ости ёнғин ўчириш сув гидранти, 46 та сув ҳовузининг техник ҳолати текширилди. Умуман, байрам тантаналари бўлиб ўтадиган асосий майдонлар, истироҳат боғларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилди, тегишли тартибда навбатчилик жорий этилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
3 485