ЎзА Ўзбек

23.08.2018 15:26 Чоп этиш версияси

Андижонда 67 та мактабда “Мактаб ярмаркаси” ташкил этилди

Андижонда 67 та мактабда “Мактаб ярмаркаси” ташкил этилди

Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларида ташкил этилган “Мактаб ярмаркалари” қизғин фаолият кўрсатмоқда. 

Вилоятдаги туман ва шаҳарлар марказий бозорлари, 30 дан зиёд савдо мажмуалари, бир қатор маҳалла гузарлари ҳамда 67 та умумтаълим мактабида “Мактаб ярмаркаси” ташкил этилиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда. 

Ярмаркаларда йигирмадан зиёд савдо ташкилотлари томонидан сифатли ўқув ва канцелария қуроллари, ўқувчилар либослари, сумкалари сотуви йўлга қўйилган. 

– Икки юзга яқин турдаги маҳсулотлар, ўқув қуролларини савдога чиқарганмиз, – дейди “Шарқ зиёкори” МЧЖ Андижон филиали раҳбари Улуғбек Исҳоқов. – Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида пластик карта орқали ҳам савдо қилинмоқда. Нархлар бозордагидан нисбатан арзон, энг асосийси, маҳсулотларимиз сифатлидир. 

10 сентябрга қадар давом этадиган мазкур ярмаркалар ота-оналарга катта кулайлик яратмоқда. 

– Фарзандларимга ўқув қуроллари, сумкалар сотиб олдик, – дейди Андижон шаҳридаги 7- умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Гавҳарой Ғуломжонова. – Уларни ўзимиз истиқомат қилаётган Бўстон маҳалласи гузарида ташкил этилган “Мактаб ярмаркаси” дан харид қилиш мен учун анча қулай бўлди, ортиқча оворагарчилик бўлмади. Нархнинг бозордагига нисбатан арзон ва сифатли эканлиги менга манзур бўлди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
6 701