ЎзА Ўзбек

06.08.2018 20:43:00 Чоп этиш версияси

Андижонда 1973 та ажрим қайд этилди

Андижон вилоятида жорий йилнинг биринчи ярмида 1 минг 550 дан ортиқ оила ажралиб кетишининг олди олинган, 1 минг 973 та ажрим қайд этилган.

Бу ҳақда Андижон туманида ўтказилган “Ибратли ҳаёт мактаби” номли тадбирда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон вилояти бошқармаси раҳбари Л.Жалолова маълум қилди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ФҲДЁ бўлимлари мудирлари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, отинойилар, фуқаролар йиғинлари қошидаги “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмалари, Яраштириш комиссиялари раислари, фаол хотин-қизлар иштирок этди.

Тадбирда оилавий ажримлар, у билан боғлиқ низоларни бартараф этиш, ноқонуний никоҳ, аёллар жиноятчилигининг олдини олиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан тузилган ишчи гуруҳлар ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман ва шаҳар бўлимлари мутахассислари ҳамкорлигида ажримларнинг сабаб ва омиллари ўрганиб чиқилгани қайд этилди. Жумладан, ажримларнинг аксариятига қайнона-келин, қуда-анда ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасидаги келишмовчиликлар, фарзандсизлик, қонуний никоҳи бекор бўлмасдан бошқа аёлга шаръий никоҳ асосида уйланиб олиш ҳолатлари сабаб бўлмоқда.

Семинарда оилаларни мустаҳкамлаш, улардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ноқонуний, эрта турмуш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, аёллар билан боғлиқ жиноятчилик ҳолатларига йўл қўймаслик, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.