Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.10.2017 19:11 Чоп этиш версияси

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги “Маданият” чегара пости ишга туширилди

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманидаги “Маданият” чегара пости ишга туширилди Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида ўзбек ва қирғиз халқлари манфаатларига хизмат қиладиган қатор келишувлар имзоланди. Ана шу келишувлар натижасида икки қардош халқ ўртасида маълум муддат узилиб қолган яқин қўшничилик, борди-келди муносабатлари қайта тикланмоқда.

"Маданият" чегара пости очилишига бағишланган ва Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятидан ташриф буюрган меҳмонлар, кенг жамоатчилик, қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз иштирок этган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов, Жалолобод вилояти губернатори Қ.Сатибалдиев икки давлат раҳбарларининг учрашуви нафақат мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни кенгайтириш, балки қардош халқларимизнинг азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очганини таъкидлади.

– Бугун бизнинг қишлоқ аҳли учун жуда қувончли кун, – дейди Маданият қишлоғида яшовчи меҳнат фахрийси Солижон Темиров. – Энди Қирғизистонда яшаётган қариндош-уруғларимиз билан бемалол борди-келди қилиш имконияти мавжуд. Биласизми, ота-онам, қариндош-уруғларим, бевақт вафот этган фарзандим дафн этилган қабристон чегаранинг нариги томонида қолиб кетган ва бу йиллар давомида юрагимда битмас яра бўлиб келаётган эди. Яратганга шукр, мана, энди уларнинг қабрини бемалол зиёрат қилишим мумкин. Одамларни ҳаётдан рози қилиш, қийнаётган муаммоларини бартараф этиш борасида кўплаб эзгу ишларга бош-қош бўлаётган Президентимизга чегара ҳудудида яшаётган аҳоли номидан миннатдорлик билдираман.

Тадбирда санъаткорлар ижросида тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
4 845






Все о погоде - Pogoda.uz