ЎзА Ўзбек

31.05.2019 18:57:16 Чоп этиш версияси

Андижон вилоят ҳокими ижтимоий тармоқлардаги шов-шувларга муносабат билдирди


Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов матбуот анжумани ўтказди.

Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистлари иштирок этган матбуот анжуманида вилоят ҳокими мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолининг муаммоларини ўрганиш, ижобий ҳал этиш, айниқса, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Вилоятда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари, Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижроси, шунингдек, қурилиш, бунёдкорлик, аҳолини уй-жой билан таъминлаш доирасида олиб борилаётган ишлар хусусида тўхталди. 

Вилоят ҳокими ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилаётган шов-шувлар, хусусан, андижонлик Хуршида Тиллаева ва бошқа бир гуруҳ аёлларнинг уй-жой борасидаги даъволари бўйича мунсабат билдириб, мазкур ҳолат юзасидан кенг маълумотлар берди. 

Андижон шаҳрининг "Мустақиллик" маҳалласидаги яшаш шароитлари ўта оғир бўлгани учун яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида бошқа жойга кўчирилаётган тўртта кўчадаги 1539 хонадонда 2256 та оила яшашини, ана шу оилаларнинг кўпчилигида яшаётганларнинг уйларга эгалик қилиш ҳақида ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, яъни бир-икки хонаси бўлган тор ҳовлида яшаш учун фақат ота-она, ўғил фарзандлари билан рўйҳатда туриши, ўша уй ҳам айнан ота ёки онанинг номида эканлигидан келиб чиқиб, Хўжаобод тумани, Хидирша массивида вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан ҳомийлик маблағлари ҳисобига янги барпо этилган “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалласидаги коттеж-уйлар амалдаги қонунларимиздан келиб чиқиб, биринчи навбатда ана шу оилаларга берилганлиги айтиб ўтилди. 

Ушбу маҳаллада ўтган йили 226 та, жорий йилда 612 та янги уй қурилган, 162 та хонадонли кўп қаватли уйларнинг қурилиши давом этмоқда. 

Андижон шаҳрининг Мустақиллик маҳалласидаги оилалар яшаётган эски уйлар амалдаги қонунлар ва меъёрлар асосида ҳозирги кундаги эркин баҳода 4 миллион сўмдан 55 миллион сўмгача бўлган нархда баҳоланган. Кадастр ҳужжатлари бор бўлган оилаларга нархи 100 миллион сўм бўлган янги уйлар, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этмаган ҳолда ҳеч қандай тўловларсиз берилган. 

Ижтимоий тармоқларда “Менга уй берилиб, тортиб олинди ёки уй берилмаяпти” деб аюханнос солаётган аёллар турмушидан ажраб, фарзандлари билан ота-онасининг хонадонига келиб яшаётган аёллардир. Уларнинг ўзларини номида уй-жой йўқ. Шундай бўлса-да, инсонийлик нуқтаи назаридан улар “Мустақилллик тикувчилик мажмуаси” масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлаштирилиб, “Қишлоққурилишинвест” МЧЖ ИК билан жорий йил 15 февралда тузилган шартномага асосан иш ҳақлари ҳисобидан кўп қаватли уйлардан оладиган квартираси учун бошланғич тўлов сифатида 12 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача, жами 596 миллион 700 минг сўм маблағ ўтказиб берилган. Шундан 94 миллион 759 минг сўми кватира олувчиларнинг иш ҳақи ҳисобидан, 431 миллион 641 минг сўми корхона фойдаси ҳисобидан хомийлик тарзида ўтказилган. 

Аксарият оилаларнинг турмушдан ажраб келган қизлари фарзандлари билан ота-оналари хонадонида вақтинча яшаб туриш учун рўйхатга қўйилган, яна бир тоифа фуқаролар ижарада яшаётган, хатто, бази бир оилалар омборхона сифатида қурилган иморатларда ҳужжатсиз яшаб келаётган бўлсалар-да, муҳтарам юртбошимизнинг ҳар бир фуқаро ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш борасидаги кўрсатмаларидан, қолаверса, ана шу оилаларни ҳам уй-жой билан таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида уларга янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан берилиши белгиланган. 

Ана шу аёллардан бир гуруҳи янги маҳалладаги қулайликлар, шарт-шароитларни кўриб, кўп қаватли уйлар ўрнига коттеж-уй олишни хоҳлашиб, кенг жамоатчиликни чалғитиб, ижтимоий тармоқлар орқали видиеомурожаат, аризалар билан чиқишган. Аслида уларнинг номида уй-жой бўлмаса, соғлом, ақли-хуши расо, иш жойи, ишлаб даромад топиш имконига эга бўлса, қанча-қанча муҳтожлар, қўлида уй-жойининг кадастр ҳужжатлари бўлган оилалар, но
гирон фарзанди бор оилалар турганида нима учун уларга коттеж уй берилиши керак? Уй-жой қилиш учун инсон йиллар давомида меҳнат қилади, бу аёллар эса берилаётганига шукр қилмасдан, коттеж-уй олишни даъво қилаётганлиги бирор бир қонунга, ҳеч бир инсонийлик мезонига тўғри келмайди. 

Таъкидлаш керакки, аҳолиси кўчирилаётган ҳудудда яна уй-жой билан таъминланиши зарур бўлган 1200 дан зиёд оила бор. Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари бузилаётганлигини жар солаётган ижтимоий тармоқ масъуллари мана шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўлишлиги айтиб ўтилди. 

Анжуманда тадбиркорлик, туризмни ривожлантириш, фойдаланилмай турган бинолардан самарали фойдаланиш, вилоятга инвестиция жалб этиш, янги уй-жойлар барпо этиш, фармоцевтика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилди. 

Вилоят ҳокими айни кунда биргина Андижон шаҳрида 20 мингта уй-жойга муҳтож оила мавжудлиги, 2017-2018 йилларда шаҳарда 60 га яқин кўп қаватли уйлар қурилиб, 2 мингга яқин уй-жойга муҳтож оила уй-жой билан таъминланганлигини, 2019 йилда эса 100 та кўп қаватли уй қуриш бўйича ишлар олиб борилаётганлиги айтиб ўтди. 

Хонобод шаҳрида туризмни ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилиши, хусусан, 2019-2020 йилларда Капироввот сув омбори қирғоғида умумий лойиҳа қиймати 55 миллион АҚШ долларига тенг бўлган туристик база барпо этилиши айтилди. 

Вилоят ҳокими журналистларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.