ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Андижон шаҳрига кириш ва чиқиш бўйича чекловлар белгиланди

Андижон шаҳрига кириш ва чиқиш бўйича чекловлар белгиланди

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимининг фармойиши билан 2020 йил 27 март соат 00:01 дан бошлаб, ҳар қандай транспорт воситаларининг Андижон шаҳрига вилоятнинг барча ҳудудларидан кириши ва шаҳар ҳудудидан чиқиши тўхтатилади.

Андижон шаҳрига кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолатларга, шунингдек, Андижон шаҳрида доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, туманларда яшаб, Андижон шаҳридаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма, идора ва ташкилот (нодавлат ташкилот)ларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган раҳбар ва ходимларга, шифокорларга, давлат санитария ва эпидемиологик осойишталик маркази ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Белгиланган тартибдан бошқа ҳолатларда, зарурат бўлмаганида транспорт воситалари қатнови карантин муддати тугагунга қадар тўхтатиб туриладиган бўлди.

Фармойишда тегишли бошқарма, идора ва ташкилотлар томонидан Андижон шаҳрининг кириш, чиқиш жойларида вақтинчалик постлар фаолиятини ташкил қилиш, назоратни янада кучайтириш, постларни мутахассислар билан таъминлаш, тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозлаш бўйича вазифалар белгиланган.

Бундан ташқари, Андижон шаҳрига кириб келаётган ва чиқаётган ҳар қандай юк машиналари, ходимлар бошқарувидаги автомашиналарни мажбурий дезинфекция қилиниши, қўйилган чекловларга ҳамда аҳолининг карантин қоидаларига қатъий риоя этилиши, карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчилик доирасида қатъий чоралар кўрилиши белгиланди.

1 346
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА