Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.04.2017 17:22 Чоп этиш версияси

Андижон шаҳар ҳокими бир гуруҳ фаол ёшлар билан учрашди

Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Андижон вилояти кенгаши фаоллари, бир гуруҳ талабалар, фаол ва истеъдодли ўқувчилар билан учрашди.

Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун барча шароит яратиб берилмоқда.

Давлатимиз томонидан яратилаётган қулай шароит ва кенг имкониятдан вилоят ёшлари ҳам унумли фойдаланиб, турли халқаро фестиваль, танлов ва мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларининг юқори босқичларида совриндорлар қаторидан жой олмоқда.

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилган учрашувда асосий эътибор “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолияти самарадорлигини янада ошириш, ҳаракатни ҳар бир ёш интиладиган, уларнинг қобилият ва иқтидорини рўёбга чиқаришга кўмаклашадиган, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган ташкилотга айлантириш, ёшларнинг мақсад ва интилишларини рағбатлантириш, муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш масалаларига қаратилди.

Тадбирда Андижон шаҳридаги “Чўлпон” кинотеатри ўрнида барпо этилаётган “Ёшлар маркази” энг замонавий технологик воситалар, жиҳозлар билан таъминланиб, келгусида ёшларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқаришига кўмаклашадиган масканга айланиши таъкидланди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича тайёрланаётган ҳужжат лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳада Ҳаракат фаоллари учун қатор имтиёз ва имкониятлар бериш белгилангани ёшлар томонидан қўллаб-қувватланди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳокимдан атрофлича жавоб олди.

– Ҳоким ва ёшлар учрашувлари ёшларни давлат ҳокимияти органлари тизими ва фаолияти билан яқиндан таништириш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилмоқда, – дейди Андижон давлат университети талабаси Хуршида Аъзамжонова. – Ёшларнинг ўй-фикрлари, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган эътибор бизни янада фаол бўлишга, аъло баҳоларга ўқишга ундайди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 693






Все о погоде - Pogoda.uz