ЎзА Ўзбек

09.08.2018 17:54 Чоп этиш версияси

Андижон матбуоти иқтисодий қийин даврни бошдан ўтказмоқда

Андижон матбуоти иқтисодий қийин даврни бошдан ўтказмоқда
Андижонда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Лазиз Тангриев сайёр қабул ўтказди.

Босма матбуот нашрлари муҳаррирлари, нашриёт, босмахона ва китоб савдоси ташкилотлари вакиллари, ижодкорлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш, нашриётлар ва таҳририятларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳада меҳнат қилаётган ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Тадбирда соҳада эришилган ютуқлар билан бирга, имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, матбаа корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга янги технология ва илғор иш услубларини жорий этиш масалалари, шунингдек, йўл қўйилаётган камчилик ва муаммолар хусусида фикр алмашилди.

– Бугунги кунда газета таҳририятлари иқтисодий жиҳатдан бирмунча қийин даврни бошдан ўтказмоқда, – дейди Пахтаобод тумани ҳокимлигининг “Давр садоси” газетаси муҳаррири Замирахон Кимсанова. – Ана шундан келиб чиқиб, туман-шаҳар газеталари чоп этилишини бюджетдан молиялаштиришни йўлга қўйиш, умуман, бундай пайтда давлат таҳририятларни моддий қўллаб-қувватлаши лозим. Акс ҳолда, таҳририятлар қийинчиликлар, муаммолар қобиғига ўралашиб қолади ва табиийки, самарали фаолият юритолмайди.

Шунингдек, вилоятда китоб чоп этиш ишлари самарадорлигини юксалтириш, китоб дўконлари ташкил этиш, бу борадаги ишлар кўлами ва сифатини янада ошириш юзасидан тавсиялар берилди. Тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
7 891