ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Қандай ҳолларда ЙПХ ходими ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиши мумкин?

Қандай ҳолларда ЙПХ ходими ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиши мумкин?

Мазкур саволга Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева жавоб берди:

-Агар қонунчиликда содир этилган ҳуқуқбузарлик учун транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жазо қўллаш белгиланган бўлса, ҳайдовчилик гувоҳномасини ЙПХ ходими олиб қўйиши мумкин. Бошқа ҳолларда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйишга йўл қўйилмайди.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилганда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомага, шунингдек ҳайдовчилик гувоҳномасининг талонига тегишли ёзув киритилади ва талон ҳайдовчига қайтариб берилади.

Масалан: хавфсизлик камари тақмаганлик учун ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйиш мумкин эмас.

Маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун эса ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилади чунки, бундай ҳуқуқбузарлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси белгиланган.

Фуқароларга эслатиб ўтиш керакки, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси фақат суд томонидан қўлланилади.

Шунингдек, юртимизда карантин эълон қилинганлиги сабабли, фуқаролар ўзининг шахсий автотранспорт воситаларида куннинг белгиланган вақтидагина махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши мумкин.

Қолган вақтларда эса Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказларидан берилган махсус рухсатнома (стикер)ларга эга бўлган ҳолда ҳамда автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхатида белгиланган асослар бўйича автотранспорт воситасида ҳаракатланиш мумкин.

Махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхатида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгеси ва ВазирларМаҳкамаси Кенгаши раислари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарларининг фақат хизмат автотранспорт воситалари келтирилган. Лекин, ҳокимият ходимларининг шахсий автотранспорт воситалари ушбу рўйхатда келтирилмаган.

2 062
ЎзА