Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.07.2018 13:02 Чоп этиш версияси

Қандай ҳолларда транспорт воситаси жарима майдончасига олиб кетилади?

Қандай ҳолларда транспорт воситаси жарима майдончасига олиб кетилади?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан бир қанча ҳолатларда транспорт воситаси ички ишлар органи ходими томонидан жарима майдончасига қўйилади.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали қандай ҳолларда транспорт воситаси жарима майдончасига олиб кетилиши мумкинлигини яна бир карра эслатмоқда. 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан қуйидаги ҳолларда транспорт воситаси ички ишлар органи ходими томонидан жарима майдончасига қўйилади:

• тормоз, руль бошқарув тизимида носозлик бўлганда ёки рухсатномасиз қайта жиҳозланганда;

• давлат рақами белгисини ечиб олиб транспорт воситаси бошқарилганда;

• давлат рақам белгиси ясама ёки ўзгартирилганда, шунингдек транспорт воситасига бошқа давлат рақами белгиси қўйиб бошқарилганда;

• тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш шунингдек рухсатномада кўрсатилган ҳаракат йўналишидан четга чиқиши;

• транспорт воситаси ойнасини қорайтириб бошқариш, шунингдек, ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган воситалардан фойдаланганда;

• транспорт воситаларига рухсатномасиз товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмалар, шунингдек давлат рақам белгиларини кўришни чеклайдиган ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиши;

• тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатланишига халақит берса;

• ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик, унга эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ишончнома ва ижарага бериш шартномалари, суғурта полиси мавжуд бўлмаса ёки рўйхатдан ўтказилмаган бўлса.

• транспорт воситасини алкоголли ичимлик, гиёҳванд модда исътемол қилиб маст ҳолатда бошқарса;

• транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса;

• йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганда, қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши;

• йўловчи ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланганда.

• ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармаганда.

Транспорт воситаларини тўхташ жойига олиб келиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар санитария ва ёнғинга қарши қоидаларга риоя қилиниши, транспорт воситалари тўхташ жойига ва сақлаш учун олиб келиниши вақтида сақланиши (ўғирлик, комплектларнинг бут бўлмаслиги ва шикастланиши), шунингдек транспорт воситаси салонидаги шахсий буюмлар сақланиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахс:

• табиий офатлар (зилзила, довул, сув тошқини ва ҳоказолар) вақтида транспорт воситалари шикастланганлиги;

• транспорт воситалари уларни сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиладиган ҳудуддан чиққандан кейин берилган транспорт воситаларини сақлашга тегишли даъволар учун жавоб бермайди.

ЎзА
5 153