ЎзА Ўзбек

11.09.2019 Чоп этиш версияси

Қандай харид чеклари ҳақиқий ҳисобланмайди?

Қандай харид чеклари ҳақиқий ҳисобланмайди?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6-сентябрда қабул қилинган “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланиш билан боғлиқ бир нечта талаблар белгиланмоқда. Булар, 

биринчидан, тақдим қилинган харид чекида товарлар номи, миқдори, нархи, суммаси, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлганда қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммаси, шунингдек, QR-код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади.

Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Иккинчидан, маълумотларни операторга реал вақт режимида етказиб беришнинг техник имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда чеклар оффлайн режимида 24 соат ичида узатилиши мумкин.

Учинчидан, банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўлов терминали орқали қабул қилинган тўловлар учун харидорларга тўлов терминали чеки билан бирга онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал касса чеки ҳам берилиши шарт.

Тўртинчидан, Фармон билан тасдиқланган графикда белгиланган тегишли муддатдан кейин, тадбиркорлик субъектлари томонидан онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассадан фойдаланмасдан товарларни реализация қилиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, харидорга ёки мижозга чек тақдим этмаслик ёки фискал белгига эга бўлмаган чекларни тақдим қилиш – фискал хотирали назорат-касса машиналари ёки тўлов терминалларини ишлатмасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик сифатида амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади, дея маълумот берди Давлат солиқ қўмитаси расмий сайти.

3 731
ЎзА