ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Қандай қарздорликларга жарима қўлланилмайди?

Қандай қарздорликларга жарима қўлланилмайди?

Президентимизнинг жорий йил 19 март куни “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатда Давлат солиқ қўмитаси томонидан мамлакатда коронавирус тарқалишига қарши карантин муносабати билан жисмоний шахслар ва корхоналар учун солиқ юкини камайтириш бўйича берилган таклифлар ҳисобга олинди. Шундай қилиб, фармонда бир қатор солиқ имтиёзлари ва енгилликлар тасдиқланди.

Натижада, эндиликда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликлар учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималарни қўллаш тўхтатилди.

Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августда қабул қилинган “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги қонунида давлат солиқ хизмати органларининг асосий вазифалари қаторида юридик ва жисмоний шахслар томонидан валюта ҳамда экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш чоғида қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга ошириш юклатилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 29 июндаги “Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, чет элдан хорижий валютадаги тушум тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар республика бюджети даромадига қўшимча жарима тўлаши белгиланган эди.

Жумладан, тижорат банклари томонидан 2020 йил 1 февраль ҳолатига тақдим этилган маълумотда 65 та корхонанинг муддати ўтган дебитор қарздорлиги 9 миллион 4,2 минг долларни ташкил қилган. Навоий вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан экспорт ва импорт контрактлари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзларини қисқартириш юзасидан 39 та корхонанинг 1 миллион 283,4 минг долларлик муддати ўтган дебитор қарздорлигига талабнома юборилган. 9 та корхонанинг қарийб 484 минг доллар ёки 4 миллиард 600 миллион сўм муддати ўтган дебитор қарздорлиги сўндирилган.

Муддати ўтган дебитор қарздорлиги сўндирилмаган 8 та корхонага нисбатан қарийб 310 минг доллар ёки 2 миллиард 940 миллион сўм молиявий жарима қўллаш бўйича судга даъво ариза киритилган. Шундан 2 та корхонанинг 5,3 минг доллар миқдоридаги муддати ўтган дебитор қарздорлиги даъво ариза кўрилгунга қадар муддати ўтган дебитор қарздорлиги сўндирилганлиги сабабли молиявий жарима қўллаш рад этилган. 4 та корхонанинг 16,5 минг долларлик муддати ўтган дебитор қарздорлигига молиявий жарима қўллаш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилган.

Бироқ янги тартибга кўра, экспорт операциялари билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг муддати ўтган дебитор қарзлари бўйича жарима қўлланилмайди. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорлар учун яна бир қулайлик яратди.

4 599
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА