ЎзА Ўзбек

17.07.2018 21:44 Чоп этиш версияси

Аналог телевидение тугатилди

Аналог телевидение тугатилди
1928 йил 26 июнь куни Тошкентда илк электрон телевизор намунаси муваффақиятли синовдан ўтказилиб, дунёдаги дастлабки электрон телекўрсатув тайёрланган эди. Бу жараён аналог телеэшиттиришлар даврини бошлаб бериб, янги кашфиёт бутун дунёни забт этди.

Техника тараққиётига ҳамоҳанг тарзда телевидение ҳам ривожланиб борди. Эски мосламалар ва узатгичлар ўрнини янги – янада кучли ва мукаммал техника воситалари эгаллади. Телекоммуникацияларнинг жадал ривожланиши аналог телеэшиттиришларнинг янада сифатли – ер усти эфири рақамли телеэшиттиришларга ўтиш имконини яратди. Ўзбекистонда МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб рақамли телевидение жорий этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 июлдаги “Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш ва ер усти аналог телеэшиттиришларни тўхтатишга доир амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган жадвал асосида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ер усти аналог телеэшиттиришларни босқичма-босқич тўхтатиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан маълум қилишларича, 15 июль куни Тошкентда аналог телеэшиттиришлар тўхтатилди, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида эса, бу жараён 2018 йилнинг 5 декабригача амалга оширилади. Шу тариқа, аналог телеэшиттиришлар ватани ўзининг муҳим кашфиётларидан бири билан видолашди. 

Рақамли телеэшиттиришларга ўтиш қатор омиллар билан изоҳланади.

Тасвирни узатиш ва қабул қилиш жараёнида уни рақамли қайта ишлаш, янада юқори сифатга эришиш имконини беради. Янги форматда тўсиқларнинг тасвир тиниқлигига таъсири сезиларли даражада камаяди. Рақамли форматнинг афзаллиги – стереотовушлар ва товушларни 5.1 форматда узатиш имконининг мавжудлигидадир. Агар телевизорга бешта оддий ва битта паст частотали колонка уланса, уй кинотеатрини яратиш мумкин.

Мамлакатимиздаги барча аҳоли пунктларини рақамли телеэшиттиришлар билан қамраб олиш мақсадида 90 комплект юқори қувватли ва 404 комплект кам қувватли узатгичлар ўрнатилди. Бундан ташқари, сунъий йўлдош алоқаси бўйича хорижий операторнинг маълум сегментини ижарага бериш ҳисобидан маҳаллий аҳолининг рақамли телеэшиттиришлар хизматидан кенг фойдаланиш имкони яратилди. Давлат телерадиодастурларининг умумистеъмолдаги ижтимоий пакетини чекка ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларига етказиш ишлари амалга оширилди.

Рақамли телевидениедан баҳраманд бўлиш истагида бўлган оддий томошабин телевизори DVB-T2 стандартида ишлай олишини текшириб кўриши зарур. Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган аксарият замонавий телевизорлар ушбу стандартда ишлайдиган рақамли тюнерга эга. Унга қўшимча равишда оддий антенна талаб этилади холос. Юртимизда нафақат рақамли сигнални қабул қилишга қодир, айни дамда, Smart-TV ва IP-TV технологияларида ишлайдиган энг замонавий телевизорлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, истеъмолчилар талабини қондириш мақсадида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси томонидан беш йил ичида 3 миллион дона рақамли телевизион приёмниклар ишлаб чиқарилади.

Роман Бондарчук, ЎзА
8 281