ЎзА Ўзбек

26.08.2018 12:24 Чоп этиш версияси

Ҳамжиҳатлик – ютуқлар кафолати

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 27 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимдаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ички ишлар тизими тубдан ислоҳ қилинди. Жумладан, илгари барча ходимларнинг 60 фоизи шаҳар ва туман бошқармаларида, 40 фоизи жойларда фаолият юритган бўлса, энди 35 фоиз ходимлар идораларда қолдирилиб, 65 фоизи аҳолига яқин бўлиши учун маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузурида ишлай бошлади. Тизимни такомиллаштиришга оид 80 дан ортиқ меъёрий ҳужжат қабул қилинди.

Йиғилишда давлат органлари ўртасида жиноятчиликларни таққослаш амалиёти авж олгани танқид қилинди. Ҳақиқатдан ҳам нохуш ҳолатларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилмаган.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда содир этилган умумий жиноятлар сони ҳар 100 минг аҳоли сонига тақсимлаганда 103,3 тадан тўғри келиб, бу кўрсаткич республика бўйича Тошкент шаҳридан кейин иккинчи ўринда турибди.

Президентимиз таъкидлаганидек, ҳамма бирдек енг шимариб, муаммолардан тўлиқ хабардор бўлиб, уларни ҳал этишга кўмаклашган, жиноятчиликнинг барвақт олдини олган ва унинг туб моҳиятини тушунтирганида эди, бугунги аҳвол ва рақамлар умуман бошқача бўларди. Афсуски, жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳанузгача эскича ишлаш тизимидан воз кеча олмаяпмиз.

Эндиликда жиноятчиликни жиловлаш бўйича “Жиноятга қарши курашиш ҳақиқати ва адолати” деб номланган янги тизим ташкил этилиши белгиланди. Масъул раҳбарлар жойларга бориб, жиноятларнинг сабабларини ўрганади, муҳокама қилади, такрорланишининг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Оммавий ахборот воситаларида барча ишлар батафсил ёритиб борилади.

Бугунги кунда жойларда энг ачинарли фожиа – ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учрамоқда. Бундай муаммоларнинг олдини олишда таъсирчан механизмлар самараси ҳам деярли сезилмаётгани барча мутасаддилардан масъулият, виждонан ишлаш, инсонлар тақдирини ўз тақдири, дея қабул қилиб яшашини тақозо этмоқда. Бунда айниқса, диний идора вакиллари ўз жонига қасд қилишга нисбатан муқаддас динимизнинг муносабатини фуқаролар онгига тез етиб борадиган усулларда кенг оммага тушунтириши муҳим аҳамиятга эга.

Кейинги пайтларда содир этилаётган жиноятлар асосан ўғрилик, фирибгарлик, талончилик ва босқинчиликлардан иборат экани айни ҳақиқат. Бу ҳолат профилактика, жиноят-қидирув ва қўриқлаш хизматлари фаолиятини жиддий кўриб чиқишимизни талаб этади.

Мактаб ёки касб ҳунар коллежларини битирган ёшларимизнинг кўпчилиги эътиборимиздан четда қолмоқда. “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурининг қабул қилингани юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Лекин мазкур дастур ижросини таъминлашда кўзбўямачилик, қоғозбозлик билан хўжакўрсинга иш олиб борсак, халқимизга, ёшларимизга, энг ачинарлиси ўз келажагимизга хиёнат қилган бўламиз.

Бир сўз билан айтганда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашда барча бирдек ҳаракат қилиши, ҳуқуқ тартибот органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамжиҳатликда иш олиб бориши муҳим омил ҳисобланади.

Оқил Ҳасанов, 
Навоий вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари.

6 500