Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 12:48 Чоп этиш версияси

Ҳамжиҳатлик самаралари

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги ота-оналар университети фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги ота-оналар университетлари раҳбарлари, аъзолари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, маҳаллалар фаоллари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари нуфузини янада ошириш, унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Сурхондарё вилоятида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида 700 ота-оналар университети жамоатчилик тузилмаси фаолият юритмоқда. Бу маҳалла институти “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг таянч нуқтасига айланганига яққол мисолдир. Жойларда ташкил этилган ота-оналар университетлари оилаларнинг ёш авлод тарбияси борасидаги ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, психологик-педагогик ва физиологик билимини оширишга кўмаклашмоқда, оилалар мустаҳкамлигига ҳисса қўшмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда мазкур тузилма ота-оналарнинг фарзандлар тарбияси борасидаги билим ва кўникмасини оширишга қаратилган 374, маънавий-ахлоқий билимини мустаҳкамлаш бўйича 364, психологик-педагогик ва физиологик билимини юксалтириш юзасидан 203 марта машғулот ўтказган.

– Бу каби ишлар бугунги глобаллашув даврида юртимиздаги тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, фарзандларимизда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини юксалтириш, оилаларда соғлом психологик муҳитни таъминлашга хизмат қилмоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бош мутахассиси Замира Омонова. – Шу боис бундай тадбирларни Термиз шаҳри ва барча туманларда ўтказиш белгилаб олинди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг Ўзбекистон Республикасида 2017 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури ижроси доирасида ташкил этилган кўргазмали семинар мазкур тузилма раҳбарлари ва аъзоларининг масъулиятини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган.

Шўрчи туманидаги фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган 52 ота-оналар университетига ҳудудда обрў-эътиборга эга, чуқур билимли педагог, психолог, ҳуқуқшунос, шифокор ва бошқа мутахассислар жамоатчилик асосида жалб этилган. Йилнинг ўтган даврида улар ота-оналарнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, психологик-педагогик ва физиологик билимини мустаҳкамлаш борасида 84 марта машғулот ўтказди. Бундай машғулотлар ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини янада ошириш, оилавий ажримлар, ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қўни-қўшнилар ўртасида меҳр-оқибатни мустаҳкамлашда яхши самара бермоқда.

“Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги ота-оналар университети жамоатчилик тузилмасига маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, кўп йиллик педагогик тажрибага эга Санобар Эргашева 5 йилдан буён раҳбарлик қилиб келмоқда. Ота-оналар университетининг машғулотлар жадвали, мавзуси, дарсларнинг қайси вақтда ким томонидан ўтказилиши тўғрисидаги маълумотлар маҳалла фуқаролар йиғини идорасида бир неча жойга илиб қўйилган. Намунали хонадон ҳисобланган оилалардаги тотувлик, қайнона-келин муносабатлари, муомала маданияти, оила тутуми ва хонадондаги саранжом-саришталик атрофлича ўрганилиб, машғулотлар жараёнида оммалаштирилади.

– Дастлабки машғулотларда тузилма ишини оилага аралашиш, деб эътироз қилган ота-оналар ҳам бўлди, – дейди Санобар Эргашева. – Бундай фикрда юрганларга масаланинг моҳияти ҳақида батафсил сўзлаб бердик. Илгари машғулотда фақат қайноналар қатнашган бўлса, энди ёш келинлар, қизлар ҳам келмоқда. Болада китобга меҳр уйғотишнинг аҳамияти ва бу жараёнда ота-онанинг ўрни масаласига қаратилаётган алоҳида эътибор ёшларда китобга, мутолаага қизиқишни оширмоқда. Тадбиркорлик, ҳунармандлик билан шуғулланаётган, томорқадан оқилона фойдаланаётган оилалар сафи кенгайиб бормоқда.

Маҳаллада жамоат тузилмасининг намунали тингловчилари ижтимоий фаол бўлмаган хонадонларга бириктирилгани кутилган натижаларни бермоқда. Йил бошидан буён тузилма ва маҳалла фаоллари ҳамкорлигида 4 оилавий ажримнинг олди олинди. Ўсмирлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолати қайд этилмади. Ўқувчиларни таълим муассасаларидаги тўгаракларга жалб этиш сифати яхшиланди.

Кўргазмали семинарда ота-оналар университети жамоатчилик тузилмасининг маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги аҳамияти, ижтимоий ҳамкорлик масалалари, ота-оналарнинг фарзанд тарбияси борасидаги билими – оилада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва оилаларни мустаҳкамлашнинг муҳим омили эканлиги каби мавзуларда маърузалар тингланди. Ота-оналар университети фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган видеоролик намойиш этилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 010






Все о погоде - Pogoda.uz