Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 15:51 Чоп этиш версияси

Ҳамжиҳатлик – глобал муаммоларнинг оқилона ечими

Жаҳон ҳамжамиятида Бирлашган Миллатлар ташкилоти нуфузи ва таъсири жиҳатидан етакчи халқаро ташкилот ҳисобланади. Жаҳоннинг аксарият давлатлари аъзо бўлган бу ташкилот Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтаётган 72-сессиясида ташкилотнинг тенг ва тўлақонли аъзоси сифатида мамлакатимиз номидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг иштирок этиб, нутқ сўзлагани муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг нутқида илгари сурилган қатор масалалар бугунги кунда нафақат бизнинг минтақамиз, балки дунё ҳамжамиятига бевосита алоқадор. Шунинг учун маъруза иштирокчилар томонидан илиқ кутиб олинди ва юқори баҳоланди. Ҳар бир муаммо унинг оқилона ечими билан бирга кўтарилгани эътибор ва эътирофга лойиқ, албатта.

Хусусан, бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокати. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этаётгани қайд этилди.

Маърузадан ўрин олган Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масаласи ҳам нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолаётир. Президентимиз Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона ва оқилона йўли сифатида ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, 30 йил атрофида давом этаётган Афғонистондаги сиёсий беқарорлик ва қонли тўқнашувларнинг ечими борасида бирор маротаба томонлар ўртасида ҳеч бир шартларсиз, тўғридан-тўғри мулоқотлар бўлмаган. Шу нуқтаи назардан ҳам Афғонистон масаласи глобал миқёсдаги масалалар марказида бўлиши лозим эканлиги қайд этиб ўтилди.

Маърузада таъкидланган яна бир муҳим масалага эътибор қаратсак. Давлатимиз раҳбари дунёда терроризм таҳдидлари, айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётгани уларга қарши, асосан, куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаётганини айтиб ўтди. Дарҳақиқат, узоқ йиллардан буён терроризмга қарши курашда ўзини оқламаётган куч ишлатиш усулларини бошқа таъсир чораларига алмаштириш вақти етиб келганлигини атрофимизда кечаётган воқеалар тасдиқлаб турибди. Президентимиз қайд этиб ўтганларидек, бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинаётганлиги, айни ҳақиқат. Айниқса, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётганлиги масаланинг нақадар долзарб эканлигини яққол тасдиқлайди.

Шу нуқтаи назардан бундай таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабабларни янада чуқурроқ ўрганишимиз, уларни бартараф қилишнинг оқилона ечимларини ишлаб чиқишимиз лозим. Маърузада қайд этилганидек, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоғи лозим.

Маърузада шундай таклифлар илгари сурилдики, уларнинг амалга оширилиши том маънода БМТ фаолиятида янги ва муҳим саҳифани очиб беради. Хусусан, глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ишлаб чиқиш, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклиф этилди. Мазкур таклифлар барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик каби эзгу мақсадларни назарда тутади.

Давлатимиз раҳбари ўз сўзида юртимизда эришилаётган ютуқларга ҳам тўхталиб, бугунги кунда мамлакатимизнинг янги қиёфаси шаклланаётганлигига урғу берди. Дарҳақиқат, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, инсон манфаатларининг том маънода устувор бўлишини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Президентимиз ўз маърузасининг якунида биз барча шерикларимиз билан тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигимизни қайд этиб ўтди. Эзгулик ва яхшилик мужассам бўлган бу чорлов, айни вақтда, Ўзбекистоннинг тинчлик ва фаровонлик мақсадида ҳамкорликни истаган барча давлатлар учун очиқ эканлигини кўрсатиб турибди. Зеро, айнан мана шундай дўстона муносабатларгина глобал муаммоларни ечишнинг, атроф-муҳитни, дунё манзарасини асраб қолиш, ёшларимиз келажаги учун муносиб шароитлар яратишнинг ягона ва оқилона ечимидир.

Аҳмад Исмоилов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон
Республикаси Миллий маркази
директори ўринбосари.

ЎзА
1 409






Все о погоде - Pogoda.uz