ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Ҳамёнини ўйлаган «дорифурушлар»

Ҳамёнини ўйлаган «дорифурушлар»

Дори-дармонларга бўлган талаб ошган ҳозирги кунда айримлар бу вазиятдан фойдаланиб қолишга уринмоқда. Коронавирусга қарши ишлатилиши мумкин бўлган дори воситалари қимматлашиб, аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳудудларда дори-дармонлар нархи бўйича назорат кучайтирилди. Россияда ишлаб чиқариладиган «Арбидол» дори воситаси коронавирусни даволашда тавсия этилмоқда. Бугун орамизда дорихоналарда 75-80 минг сўм атрофида сотилаётган ушбу дори воситасини «қора бозор»да бир неча баробар қимматига сотишга уринаётган уддабуронлар ҳам учраб турибди.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилаётган рейд тадбирларида ана шу каби қонунбузарлик ҳолатлари фош этилмоқда.

Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро «Арбидол»нинг ҳар бир қутисини 480 минг сўмдан сотишга келишиб, 20 қути дори воситаси учун 9 миллион 600 минг сўм нақд пулни олдиндан санаб олди. Шундан сўнг Наманган вилоятида яшовчи ҳамтовоғига телефон қилиб, 20 қути дорига буюртма берди. Жиноий режага кўра, у Наманган шаҳридаги Чорсу бозори ёнида жойлашган «қора бозор»дан 20 қути «Арбидол»ни сотиб олиб, такси машинасидан жўнатиши, уни қабул қилиб олган қўқонлик ҳамкор ҳайдовчидан 8 миллион 400 минг сўмни бериб юбориши керак эди. Аммо ўтказилган тезкор тадбирда уларнинг қилмиши иссиқ изида фош этилди. Шу тариқа гумонланувчи шахс 20 қути 400 дона «Арбидол» ва машинасидаги яна 23 қути “AZOPT” дори воситасини ҳам қўшиб, ашёвий далил билан ушланди.

Марғилон шаҳрида яшовчи яна бир устаомон ушбу дори воситасининг ҳар бир қутисини 240 минг сўмдан сотаётганда қўлга олинди. Гумонланувчидан 27 та қутидаги дорилар ва унга ҳисобланган 6 миллион 480 минг сўм нақд пул ашёвий далил тариқасида олинди ҳамда тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Шу кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳамкорликда ташкил этилган рейд тадбирларида вилоятнинг Фарғона шаҳрида, Бағдод туманида ҳам ана шу каби қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.

2 635
М. Сулаймонов, ЎзА