ЎзА Ўзбек

06.10.2019 Чоп этиш версияси

Амударё туманида илғор фермерга “Cobalt” совға қилинди

Амударё туманида илғор фермерга “Cobalt” совға қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Куюк кўпир овулидаги “Сардор сувчи” фермер хўжалиги раиси Ўринбой Матякубов энг илғор фермер сифатида туман ҳокимлиги томонидан “Cobalt” автомашинаси билан тақдирланди.

Хабар берилишича, мазкур фермер хўжалиги ҳудуддаги фермер хўжаликлари ичида энг юқори ҳосилдорликка эришган.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Султонбой Йўлдошев иштирок этиб, пахта йиғим-теримида иштирок этаётган ҳашарчиларга туман ҳокимлиги номидан миннатдорчилик изҳор қилди. Фаол теримчилар қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. “Сардор сувчи” фермер хўжалиги раиси Ўринбой Матякубовга автомашинанинг калити тантанали равишда топширилди.

Туман фермерлари шу кунгача режадаги 32 минг 250 тонна пахтанинг 28 минг тоннадан ортиғини йиғиб-териб олиб, контрактация шартномасини салкам 90 фоизга бажарган.

Туман бўйича фермер хўжаликларига 7 минг 700 нафарга яқин пудратчилар ва 13 минг 900 нафарга яқин ташаббускор, кўнгилли теримчилар ёрдамга чиқмоқда.

Бу йил туманда илк бор пахтани кластер усулида етиштириш амалиёти йўлга қўйилди. Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Amudaryotex” хорижий корхонаси 2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб кластер усулида пахта етиштиришни йўлга қўйди.

Кластерга Амударё туманидаги 9 та муқобил машина-трактор парклари хизмат кўрсатувчи 185 та фермер хўжаликлари бириктирилган. Мазкур фермер хўжаликларининг 7 минг 146 гектар майдонига экилган пахтадан 17 минг 472 тонна ҳосил олиш режалаштирилган.

Бунинг учун йил бошидан мазкур фермер хўжаликларига барча ресурслар, жумладан, уруғлик чигит, ёқилғи мойлаш материаллари, минерал ўғитлар, ўсимлик зараркунандаларига қарши курашиш воситалари ҳамда барча хизматлар учун тўловлар корхона томонидан амалга оширилди. Натижада кластерга қарашли фермер хўжаликларида мўл ҳосил етиштирилди.

photo_2019-10-06_20-08-48.jpg

photo_2019-10-06_20-08-49.jpg

photo_2019-10-06_20-08-50.jpg

6 084
Е.Қаноатов, ЎзА