Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 19:07 Чоп этиш версияси

Ҳамшира ўн йил деганда ишли бўлди

Жорий йилнинг 19-20 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, ички ишлар вазири П.Бобожонов, Давлат божхона қўмитаси раиси М.Тоҳирий, адлия вазири биринчи ўринбосари Н.Жўраев, Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Н.Норбоев Сурхондарё вилоятида сайёр қабуллар ўтказди. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатлари, таклиф ва муаммоларининг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлашнинг мутлақо янги, замонавий ва самарали тизими яратилгани одамларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини ҳал этишда юксак самаралар бермоқда. Шу асосда жойлардаги мавжуд аҳвол, аҳоли дуч келаётган муаммолар атрофлича ўрганилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланаётгани, фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалалар жойида ўз ечимини топаётгани одамларнинг адолатга, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Жамиятда коррупция, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Раҳбарлар ва мансабдор шахслар масъулиятини оширмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Фуқароларнинг мурожаатлари ва жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар ҳам соҳада туб ислоҳотларни амалга ошириш муҳим ҳаётий эҳтиёж эканини кўрсатмоқда.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларнинг 2 минг 195 таси ички ишлар, 930 таси суд, 542 таси прокуратура органларига тегишлидир. 815 таси суд қарорларининг ижросига оид масалалар бўлса, 1 минг 373 мурожаатда алиментни ундириш, 79 мурожаатда афв этиш бўйича ёрдам сўралган. 218 мурожаат тадбиркорлик ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ. Айрим мурожаатларда фуқаролар уй-жой билан боғлиқ низолар, ўзи ёки оиласига оид суд қароридан норози бўлиб шикоят ёзган.

Баъзи юртдошларимиз йўл ва кўприк қурилиши билан боғлиқ ишлар, бандлик, иш ҳақи ёки ногиронлик нафақасини ундириш сингари масалаларда сансоларликка дуч келаётганини таъкидлаб, мурожаат қилган.

– Ўтган йили баҳорда қаттиқ ёғингарчилик бўлиб, қишлоғимизни Бойсун тумани маркази билан боғлайдиган кўприкни сел олиб кетган эди, – дейди меҳнат фахрийси Х.Норқобилов. – Кутилмаган табиий офат транспорт қатновини жуда қийинлаштириб қўйди. Айниқса, кексалар, беморлар ва аёллар ўнқир-чўнқир сойдан ўтишда қийналмоқда. Ушбу масала бўйича маҳаллий раҳбарларга бир неча марта учрашдик. Афсуски, уларнинг жавобидан қаноатланмадик. Шундан сўнг, ҳадемай қишли-қировли кунлар бошланса, аҳволимиз не кечади, деган ўйда вилоят ҳокими ва Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаат қилдик. Энди масала ижобий ҳал этилишига умид қилиб турибмиз.

Сайёр қабулнинг дастлабки куни вилоят марказида Термиз шаҳри, Ангор, Музрабод, Жарқўрғон, Термиз, Қизириқ туманлари фуқаролари ва тадбиркорлари билан ўтказилган мулоқотларда қатор мурожаатлар ҳал этилди. Узун, Бойсун, Шеробод ва Сариосиё туманларида бўлиб ўтган сайёр қабулларда кўтарилган масалаларга адолатли ечим йўллари изланди. Ҳал этилиши вақт талаб қиладиган шикоятлар қонун доирасида ўрганиб чиқиш учун алоҳида назоратга олинди.

– Узоқ йиллар Термиз шаҳридаги 1-автокорхонада ишладим, – дейди фуқаро А.Ҳайиталиев. – II-гуруҳ ногирони бўлиб қолдим. Мана, икки йилдан буён автокорхонадан ногиронлик нафақамни ундиролмай овораман. Суднинг қарори ҳам бор. Бугунги сайёр қабулда мутасаддилар мурожаатим билан атрофлича танишгач, қонуний манфаатимни ҳимоя қилиб, масалани жойида ҳал этиш чораларини кўрди.

Денов туманидаги Янги Ҳазарбоғ маҳалласида яшаётган Ю.Нормўминованинг тиббиёт коллежини тугатганига 10 йил бўлди. Шу йилларда у туман мутасаддиларию, тиббиёт муассасалари раҳбарларига иш сўраб, жуда кўп мурожаат қилди. Аммо ҳар сафар у “мутахассислигингиз бўйича иш йўқ”, деган қисқа жавоб эшитди.

– Туман марказида сайёр қабул бўлишини эшитиб, турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашдим ва бу ерга келдим, – дейди Ю.Нормўминова. – Адлия вазирлигининг мутасаддиларига учрашдим. Масала жойида ҳал этилди. Денов тумани марказий шифохонасига ишга йўлланма олдим. Уйимиздан бироз узоқ бўлса ҳам ўз мутахассислигим бўйича ишли бўлганимдан хурсандман.

Шу куни Денов туманида Олтинсой, Денов ва Шўрчи туманлари аҳолиси учун ташкил этилган сайёр қабулда кўтарилган масала ва муаммоларнинг илдизи, сабаблари таҳлил қилинди, кўплаб мурожаатчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари тикланди. Жойларда ечими излаб юрилган муаммолар ҳал этилгани адолат мезонлари улуғланаётган мамлакатимизда фуқароларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаб, юрт тараққиётига дахлдорлик туйғусини кучайтирди. Зеро, қонун устуворлиги таъминланган жамиятда ривожланиш, юксалиш бўлади. Одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшайди. Ариза, шикоят ва ортиқча оворагарчиликларга сабаб ҳам, ўрин ҳам қолмайди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
1 834






Все о погоде - Pogoda.uz