ЎзА Ўзбек

30.04.2020 Чоп этиш версияси

ҲАМШИРА КУНДАЛИГИ: Шифохонада бўш жой пайдо бўлди ва бу дастлабки ғалаба эди

ҲАМШИРА КУНДАЛИГИ: Шифохонада бўш жой пайдо бўлди ва бу дастлабки ғалаба эди

III ҚИСМ

Шимолий Италиянинг энг оғир пандемия ҳудудидаги шифохонада ишлаётган ҳамширанинг кундаликларининг бериб боришда давом этамиз.

Ушбу мемуарлар ижтимоий тармоқларда жуда катта акс-садо берди. Зеро, унда энг хавфли ва қайноқ нуқта — “корона-госпитал”га ўзи истаги билан кўнгилли бўлиб борган оқ халат эгаси у ерда кўрган-кечирганларини оддий тилда қоғозга тушириб борган. Унда йўқотишларнинг аччиқ қайғулари, ҳар куни рўй берадиган ғамгин воқеалар, камдан-кам шодликлар акс эттирилган.

Биринчи қисмда беморлар сони кўпайиб кетаётгани ҳикоя қилинади.

Иккинчи қисмда оғир аҳволдаги биринчи ожиз инсоннинг ҳаётдан кўз юмиши, скафандрдаги азоблар асосий ўринни эгаллайди.

Учинчи қисм эса худди Дантенинг “Илоҳий комедияси” каби “Дўзах” ва “Аъроф”дан кейин ёруғлик албатта келишини эслатиб юборади.

Ўн учинчи кун(31 март)

Ўтган кунлардаги “Тёз ёрдам” машиналари сақлаган сукут алдамчи бўлиб чиқди. Бугун улар бирин-кетин келишяпти.

Навбатчилигим тушлик пайтидан бошланади, лекин у тинч ўтмаслигини ич-ичимдан ҳис этмоқдаман.

Худди шундай бўлди ҳам. Бугун бўлимимиз учун қора кун. Бир неча одамда кескин(уларни ортга қайтмас деган бўлардим) ёмонлашув рўй берди. Икки нафари эрталаб вафот этган эди. Оғир аҳволдагиларнинг ичида “менинг” бобом ҳам бор эди... Ахир мен унинг турмуш ўртоғи билан гаплашгандим, уни хотиржам қилгандим. Энди ким тинчлантиради?

Яна бир бемор аёл азбаройи ҳолсизланганидан бўшашиб қолганди, мендан нимадир қилишни сўрарди, чарчаган ва дам олишни истарди, каскаси(оғир беморларнинг интенсив терапияси учун қурилма)даги шовқиндан боши оғриётганини тинимсиз айтарди.

Яна бир йигитни олиб келишди. У ҳам каскада. Спортчилардек келишган, баланд бўйли, каравотга зўрға сиғди.

Бир неча соат ўтиб ҳалиги аёлнинг аҳволи жуда ёмонлашди, реаниматологлар келишди, уни кардиологияга олиб кетишди. Унинг бўшаган жойини бир кампир эгаллади, унинг ҳам аҳволи жуда оғир. Унга гапирсак, деярли жавоб бермаяпти.

Кечқурун навбатчи врач келди, икки нафар бемордан каскасини ечиб, уларни оддий ниқобларга ўтказишга қарор қилди + морфин.

Улардан бири “менинг” бобом!.. Эртага уни бошқа кўрмайман.

Агар дастлабки кунларда беморларнинг ўртача ёши 70дан 90 ёшгача бўлган бўлса, ҳозир уларнинг ярмидан кўпи 50 ёш!

Жисмонан жуда ҳолдан тойгандим, аммо бу чарчоқ юрак оғриқлари олдида ҳеч нарса эмас. Ўзимни билмаганга солиш ва ҳаммасини юракка яқин олмасликка ҳаракат қиляпман, лекин бу осон эмас.

Ўн тўртинчи кун(1 апрель)

Бугун ва ниҳоят оддий иш куни бўлди. Деярли ҳеч нарса рўй бермади, вазифалар тез, аниқ ва ортиқча югур-югурларсиз бажарилди. Бир ёш эркакка рухсат берилди, унинг ўрнини чол эгаллади. Бизнинг яна бир “полк ўғли” бўлган бу бобомиз ўзини шунақа яхши ҳис қилаётган эдики, ҳатто ўрнидан туриб, сайр қилишга ҳам чиқиб кетаёзди. Биз барчамиз уни ортга(ялангоёқ ва беморлар кийимида эди) палатага қайтардик. Лекин у барибир хурсанд эди!

Бугун уч нафар “космонавт”ни скафандрларсиз нафас олишини синаб кўрдик. Улар ўзлари ювиниш, телефон орқали гаплашиш ва тановвул қилишнинг уддасидан чиқишди. Фақат маска билан, бироқ кислород даражаси тушиб кетмади! Уччаласида ҳам!

Кечқурун, ухлашга яқин, ушбу учовлон яна ўша оғир лаш-лушларини кийишди, аммо улар энди мутлақо бахтли инсонлар эди!

Улар туннель охирида ёруғлик кўришганди. Ва биз ҳам.

Компьютердаги дастур орқали “Тез ёрдам” 15 кишини олиб келганини билдик. Охирги ҳафталар учун бу ишониш қийин бўлган паст рақамлар эди.

P/s: Кечагина аёли билан гаплашиб, тинчлантирган бобомиз эса навбатчиликдан кетишим билан вафот этибди.


Ўн бешинчи кун(2 апрель)

Бугун ҳам яхши ўтди!

Йўқ, кам югурмадик, аммо иш текис ва аниқ кетди. Икки кишига рухсат берилди, уларга бошқа тиббиёт муассасасидан жой топилди: улар ҳозирча ўзларига ўзлари мустақил ғамхўрлик қила олмаса-да, борадиган жойлари энди касалхона бўлмайди. Уларни бутун жамоамиз билан кузатиб қўямиз, улар бахтли эдилар, табассум қилишиб, бизга миннатдорлик билдиришди. Биз ҳам жилмаямиз.

Бизнинг “пол ўғли”мизга эртага рухсат берилар экан. Унинг ўрни билинади. Унинг икки ҳафта олдинги ҳолатини эслайман. У қандай куч эвазига бунга эришганини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат.

Бир неча кундан бери ўзгаришлар кузатилмаётган жуда оғир аҳволдаги бир аёл, қўлларимни сиққанда доим кўзларидан ёш келадиган бир кекса отахон, яна бир кекса отахон қоляпти... Тўхтанг, шифокорнинг бемор қариндошлари билан суҳбатини эшитяпман: таъзиямизни қабул қилинг... 10 дақиқа олдин... сиз дафн қилиш бюроси билан боғланишингиз керак, уни кўра олмайсиз, ҳаммаси билан бюронинг ўзи шуғулланади. Жуда афсусдамиз...

Яна бир отахон ҳаётдан кўз юмди.

Биринчилардан бўлиб ишга киришган ҳамкасбларимиз карантиндан қайтишди. Улар бошида билмай туриб беморлар билан мулоқот қилишган эди.

Мени етакчимиз чақириб, бирданига икки кунлик(!) дам олиш(!!!) бермоқда!!! Қулоқларимга ишонмаяпман! Лекин яқин орада ҳаммаси яхши томонга ўзгаришига ишоняпман.


Ўн олтинчи кундан ўн саккизинчи кунгача(3-5 апрель)

Икки кунлик дам олишдан кейин, тўлиқ ўзимга келиб олдим! Барча шишлар кетди ва оёқларнинг оғриғи ҳам қолди. Ўзингни бахтли ҳис этиш учун аслида кўп нарса ҳам керак эмас.

Икки кун ичида бўлинмадаги қиёфалар ўзгариб кетибди. Кимдир(“полк ўғли” ҳам) тузалиб, уйига кетибди, уларнинг ўрнига бошқалар келган. Оғирлари ҳам, енгилроқлари ҳам бор. Касбдошларимиздан бирининг аёл қариндошини ҳам олиб келишибди. Уни эркак ётган палатага ётқизишди, ўртасидан парда тортиб қўйишди. Бу эркак яқин ўртада уйига қайтадиганлардан бири, янги келган аёл эса азоб тортмоқда. У врачларга сўзсиз қулоқ солади ва ерга қараб ётади. Фақат овқат қабул қилиш ва бошқа процедуралар учун ўгирилади. Ҳатто мана шу арзимаган дақиқалар ҳам уни йўталтириб юборади. Бирданига кислород даражаси тушиб кетади.

Яна бир бемор ҳақида гапириб бермоқчиман. Унинг характери оддий эмас, буйруқ беришни яхши кўрадиганлардан деб айтган бўлардим. Биринчи кунлари оғир бўлди, скафандр ҳам оғирлашди, характери ҳам. У бизни тугма босиб бир соат ичида 5-6 марталаб чақирди. Бутун ходимлар ҳолдан тойди, чунки у бизга бошқа беморлар билан ишлашимизга ҳам бермади. Боз устига, унинг ўта оғир вазни барча манипуляцияларга қийинчилик қўшарди, диабети эса унга нисбатан юқори даражадаги эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишимизга мажбур этарди.

Аста-секин унинг аҳволи яхшилана борди, бир кунда бир неча соат скафандрини ечиб қўядиган бўлдик, кейин тунда шундайлигича қолдирдик, мана энди эса “костюм”ни тўлиқ олиб ташладик. Ва биласизми, у ҳатто кулишни ва ҳазиллашишни бошлади! Тўғри, тўраларга хос характери ўзгармади, тугмадан соатига 5-6 марталаб фойдаланмоқда, аммо ҳозир бу бошқача қабул қилиняпти. Бемор тузаляпти ахир! У уч ҳафтадан буён бўлинмамизда. Унга ўхшаган ташхис қўйилган инсонга тузалиши учун тахминан шунча вақт керак.

Навбатчилигим тугашига бир соат қолганда кекса онахон кетди... жимгина ва абадийга. Ўлимсиз кунлар қачон бошланар экан-а?

Янги беморларда эса ижобий ўсиш кузатиляпти, уларнинг аҳволи жуда оғир эмас, бу улар ўта оғир ҳолатга тушиб қолгунигача қадар етказиб келинмоқда деганидир!(Илгари бундай инсонлар палаталарга деярли олинмасди, чунки жой йўқ эди).


Ўн тўққизинчи кун(6 апрель)

Мен ишга ўрганиб қолдимми ё иш енгиллашяптими? Шундай кунлар бўлган эдики, уйга етиб ололаманми деб ўйлардим, чарчоқдан этим увушиб кетарди, фақат йиғлашни истардим. Ҳис-туйғуларга берилмаслик учун ҳатто дам олволганимдан кейин кундалик ёзишни афзал кўрган пайтларим ҳам бўлди.

Энди эса бўлимимиздан кўпчиликка рухсат берилди! Ҳатто бўш жойлар ҳам бор. Бу ҳақда “Тез ёрдам” бўлинмаси қабулхонасига ҳам хабар бериб қўйдик.

Беморнинг йўлланмали картасини оламан, ўқий бошлайман: X исмли бемор, онаси вафот этгани ва интубация қилинган акаси жонлантириш бўлимида эканлигини билмайди... яхшиси ўқимаганим маъқул.

Менинг” навбатдаги бобомнинг ҳолидан хабар олишга бораман. У билан ҳар сафар хайрлашамиз, ҳар сафар саломлашамиз ва ҳар сафар у кейинги навбатчилигимни кутишга ваъда беради. У мени кўришдан хурсанд. Табассум қилади. Мен ҳам уни кўрганимдан хурсандман! Сиз кундан кунга яхшиланиб боряпсиз, деб айтаман! У кулиб, кайфиятини кўтарганимни билдиради.

Қариндошлар билан видеоқўнғироқларни жуда эҳтиёткорлик билан уюштирамиз(ҳаммага ҳам мумкин эмас). Аммо ўз яқинлари билан гаплаша ва кўра олганлар еттинчи осмонда деяверинг. Қариндошини кўрганлар гарчи шифохона палатасида ётган бўлишса ҳам, ёш болалардек йиғлаб юборишади.

Айтиб ўтганимдек, жуда кўп одамлар ўз қадрдонларини охирги марта “Тез ёрдам” чақиришганда кўришган. Шундан сўнг маълум вақт давомида, таъзия билдирилган сўнгги қўнғироққа қадар фақатгина врач билан телефонлашиб турганлар кўп. Улар ўлимидан кейин ҳам яқини охирги манзилга кузатиб қўя олишмас эди. Бу жуда оғир, одамлар ўз удумларига кўра дафн этишлари керак, марҳум ўз удумига кўра дафн этилиши керак, ҳатто хайрлашиш учун ҳам имконият берилмасдан йўқотиш эса янада оғирдир.

Баҳор. Кундан кунга ҳаво исиб боряпти, дарахтлар деярли тўлиқ яшил тусга бурканди. Бироқ бўм-бўш кўчалар кишини хурсанд қилмайди. Биз карантинда эканлигимизга яқинда бир ой бўлади.

P/s: Кейинги қисмда ҳамширамиз ҳаёти қил учида турган бир беморни қандай қилиб асраб қолгани ҳақида ўқийсиз.

Рисолат МАХСИМОВА тайёрлади.

Давоми бор.


4 035
ЎзА