ЎзА Ўзбек

29.05.2020 Чоп этиш версияси

Ҳаммасини бошидан бошлаб, ҳаётимни тўғри йўлга қўяман

Ҳаммасини бошидан бошлаб, ҳаётимни тўғри йўлга қўяман

Президентимизнинг жорий йил 21 майдаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Бухоро вилояти Ғиждувон туманидан 3 нафар шахс оиласи бағрига кайтган эди.

Уларнинг икки нафари жамоат хавфсизлиги билан боғлиқ, бир нафари эса ўғрилик жиноятини содир этганликда айбланган.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов, ҳудуд секторлари раҳбарлари афв этилганлар билан учрашди.

Учрашувда афв этилганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш масалалари маҳокама қилинди.

photo_2020-05-29_10-11-44.jpg

– Ўзим Тошкент Иқтисодиёт университетини тамомлаганимга қарамасдан, тадбиркорликка қўл уриб, бир неча йил электрон маиший жиҳозлар савдоси билан шуғулланиб келдим, – дейди собиқ маҳкумлардан бири, Ғиждувон тумани, Файзулла Хўжаев номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Илҳом Хайриев. – Шу орада билиб-билмай, диний-экстремистик оқимга қўшилиб қолдим. Албатта, қилмишимга яраша жавобгарликка тортилдим. Умримнинг бир неча йилини панжара ортида ўтказганим менга жуда оғир ботди. Оилам, фарзандларимни қийин аҳволга солиб қўйдим. Аммо эндиликда ҳаммасини бошидан бошлаб, ҳаётимни тўғри йўлга қўйишга аҳд қилдим.

Фуқаро И.Хайриевга шахсий ҳужжатларини янгидан тайёрлаб берилиши, яшаш уйи ҳомийлик асосида қайта таъмирланиши мутасадди раҳбарлар томонидан назоратга олинди. Шунингдек, қилмишидан қатъий хулоса чиқариб, тузалиш йўлига кирган фукаро Мансур Фарҳодов ҳам мўмай фойда илинжида рангли метал савдоси билан хуфёна шуғулланиб, қўлга тушган ва жиноий гуруҳ аъзоси сифатида жавобгарликка тортилган эди. Фукаро М.Фарҳодов вилоят сектор рахбарлари билан юзма-юз мулоқотда ўзи яшаётган “Ўзанон” МФЙ даги ҳовлисида чорвачилик билан шуғулланмоқчи эканлигини таъкидлади. Раҳбарлар томонидан фукарога фаолиятини бошлаш учун 30 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олишига кўмак берилиши айтилди.

Афв этилганларнинг саломатлиги қайта кўрикдан ўтказилди. Уларга “Ижтимоий кўникма” марказлари томонидан 1 миллион 225 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пули берилди хамда муқим иш ўрни билан таъминланди.

1 700
Зариф Комилов, ЎзА