ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Ҳамкорликдаги ижодий лойиҳа

Ҳамкорликдаги ижодий лойиҳа

Шу кунларда пойтахт театрлари халқаро миқёсдаги ҳамкорлик доирасидаги энг яхши лойиҳаларни томошабинларга тақдим этмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида бир қатор хорижий давлатларнинг санъаткорлари иштирокида тайёрланган “Распутин“ балет-спектаклининг намойиши бунинг яна бир ёрқин далилидир.

Жаҳонга машҳур балет артисти Сергей Полунин иштирокидаги ушбу спектакль премьерасига барча билетлар сотилиб бўлинганлиги сабабли, театр биносининг ёнгинасида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан очиқ осмон остида балетнинг жонли трансляцияси йўлга қўйилди. Мазкур трансляция намойиши барча учун очиқлиги билан аҳамиятга моликдир.

“Распутин“ драматик балети япон хореографи Юка Ойши томонидан С.Полунин учун махсус яратилган. Жорий йилда Лондоннинг “Палладиум“ театрида спектаклнинг жаҳон премьераси бўлиб ўтди. Яқинда эса ушбу балет-асарни Хитой томошабинларига тақдим этиш режалаштирилган.

– Мен бу балетни саҳналаштиришдан аввал кўплаб адабиётларни ўқиб чиқдим, – деди Юка Ойши. – Шу пайтга қадар асар бош қаҳрамонининг зиддиятли руҳияти, мураккаб феъл-атворини кўплаб афсона ва миш-мишлар қамраб олганди. Лекин нима бўлганида ҳам у энг аввало эзгу фазилатларни ва айрим салбий жиҳатларни ҳам ўзида мужассам этган инсон эди. Саҳналаштириш жараёнида шу жиҳатларга асосий эътиборни қаратишга уриндим.

Мазкур балет премьерасининг ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси саналади. Балет-томошанинг яратилишида Япония, Дания, Россия, Сербия каби давлатларнинг хореограф ва раққослари жалб этилган.


1 100
Н.УСМОНОВА, ЎзА