Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.11.2017 16:40 Чоп этиш версияси

Ҳамкорликда нефть-газ саноати учун юқори малакали кадрлар тайёрланади

Тошкентда мамлакатимиз нефть-газ саноати учун юқори малакали муҳандис-техник кадрлар тайёрлаш масалаларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, “Lukoil” компанияси (Россия), И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиали ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, дипломатик корпус ва хорижий компаниялар вакиллари, нефть-газ, энергетика, қурилиш ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳалари мутахассислари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳиддинов, олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари У.Бегимқулов, “Lukoil” компанияси вице-президенти А.Москаленко ва бошқалар Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича янгиланган таълим стандартлари ва ўқув дастурлари жорий қилинганини қайд этди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқаро стандартлар даражасига мос мутахассислар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқди.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур конференция нефть-газ сектори учун етук кадрлар тайёрлаш борасида маҳаллий ва халқаро ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган. Анжуман соҳадаги бугунги кун талабларини ўрганиш, халқаро компаниялар билан кадрлар сиёсатида асосий ёндашувларни аниқлаш имконини бериши билан муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда кўп йиллардан бери фаолият олиб бораётган “Lukoil” компанияси истиқболли конларни қидириш, ўзлаштириш ва углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш каби қатор инвестиция лойиҳаларида иштирок этмоқда.

– “Lukoil” нефть-газ соҳасидаги йирик компаниялардан бири, – дейди компания вице-президенти А.Москаленко. – Унда дунё бўйича юз мингдан зиёд ходим ишлайди. Жумладан, компаниянинг Ўзбекистондаги лойиҳалари бошқарувчиси – “Lukoil Uzbekistan Operating Company” масъулияти чекланган жамиятида 3 мингдан ортиқ ходим меҳнат қилади. Шу боис Ўзбекистонда нефть-газ саноати учун малакали мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналишида ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Бугунги конференция доирасида соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик истиқболлари кенг муҳокама қилинди.

Форумда “Lukoil Uzbekistan Operating Company” томонидан Ўзбекистон ҳудудида нефть-газ соҳасида етук ва юқори малакали кадрларни тайёрлашдаги ҳамкорлиги учун «Шўртангазкимё» мажмуаси, шунингдек, қатор хорижий компания ва олий таълим муассасаларини тақдирлаш маросими бўлди.

Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиалида нефть-газ йўналишида кадрлар тайёрланмоқда. Бунда мутахассисларда юқори технологик бошқарув кўникмасини шакллантириш, тизимда ахборотлаштириш ва рақамли дастурий таъминотни жорий этишга қодир ёшларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Конференцияда ушбу секторда фаол иштирок этаётган компания ва фирмалар раҳбарлари, юртимиз ва хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг маърузалари тингланди. Миллий кадрлар тайёрлаш ва ривожлантиришда олий таълим даргоҳлари ҳамда корпоратив таълим марказларининг тутган ўрни хусусида фикр алмашилди.

Тадбир доирасида “Lukoil Uzbekistan Operating Company” масъулияти чекланган жамияти, И.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиали ҳамда “Башнефтехим” таълим маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама битим имзоланди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
1 292






Все о погоде - Pogoda.uz