Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.06.2018 21:45 Чоп этиш версияси

Ҳамкорлик янги босқичда давом этади

Ҳамкорлик янги босқичда давом этади Самарқанд вилояти ҳокимлигида Франция тараққиёт агентлигининг лойиҳа раҳбари Александр Монтейро бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев меҳмонларга вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ҳудудларни обод этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Ушбу йўналишда франциялик ҳамкорлар билан бирга Самарқанд шаҳрида хонадонлардан чиқадиган маиший чиқиндиларни шаҳардан ташқарига олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилиши келгусида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратишини қайд этди.

Александр Монтейро ҳамкорликдаги лойиҳадан Франция томони манфаатдор эканини таъкидлаб, келгусида нафақат маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, балки бошқа соҳаларда ҳам истиқболли алоқаларни давом эттириш мумкинлигини таъкидлади.

2.JPG

– Самарқанд шаҳрида фаолиятимизни йўлга қўйишга шароит яратиб берилгани учун беҳад миннатдормиз, – деди у. – Умумий қиймати 37 миллион евро бўлган лойиҳамиз уч йил ичида амалга оширилади. Шундан 23 миллион евро Франция тараққиёт агентлиги маблағи, 8 миллион евро Европа Иттифоқи томонидан грант тарзида ажратилади. Бизнинг бугунги кундаги вазифамиз лойиҳани амалиётга жорий этиш бўйича зарур чора-тадбирларни бошлашдан иборат.

Франция тараққиёт агентлиги лойиҳани тўлиқ амалга оширгач, иш жараёнини “Мароқанд обод” давлат унитар корхонаси ташкил этади.

– Ташкил қилинаётган чиқиндини қайта ишлаш корхонасининг йиллик қуввати 400 минг тонна чиқиндини қайта ишлашга мўлжалланган, – дейди “Мароқанд обод” ДУК раҳбари Шуҳрат Маматов. – Айни пайтда шаҳарда маиший чиқиндиларни чиқариш билан бир нечта корхона шуғулланмоқда. Янги лойиҳа амалиётга татбиқ этилгач, шаҳарда чиқиндиларни йиғиш ва чиқариш бизнинг корхонамиз зиммасида бўлади. Чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш ва қайта ишлаш жараёнлари учун махсус замонавий техникалар жорий қилинади. Бу шаҳримизда чиқинди муаммосига барҳам беради.

Учрашув якунида Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
4 187