Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2017 16:29 Чоп этиш версияси

Ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанбаси мамлакатимизда профилактика куни сифатида белгиланди. Шунга мувофиқ, Андижон вилояти маҳаллалари, таълим муассасаларида ҳам ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда.

Ички ишлар органлари ходимлари томонидан прокуратура, солиқ идораси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, таълим муассасалари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларда содир этилган жиноятларнинг сабаб ва омиллари атрофлича муҳокама этилиб, бундай ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Профилактика тадбирлари доирасида 103 мингдан ортиқ хонадон ўрганиб чиқилди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси катта инспектори, майор Мирзоҳид Маъмиржонов. – Ўрганиш давомида фуқароларнинг паспорт-виза, доимий ёки вақтинча яшаш, ёнғин, ҳаракат хавфсизлиги тартиб-қоидаларига риоя этиши назоратдан ўтказилди. Ички ишлар идоралари профилактик ҳисобида турувчи шахслар, хорижга ишлагани кетган ёки қайтганлар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди.

Андижон тиббиёт коллежида бўлиб ўтган тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари масъул ходимлари, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, маҳалла фаоллари, таълим муассасаларининг ўқитувчилари, ўқувчилар ва ота-оналар иштирок этди. Ўқувчи-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар келиб чиқишининг олдини олиш, тарғибот-тушунтириш ишлари самарадорлигини ошириш, ўқувчилар интизоми ва давоматини қатъий назоратга олиш борасидаги ишлар атрофлича муҳокама этилди. Ўқувчиларга пухта билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, қонунларни ҳурмат қилиш, зиммаларидаги бурч ва масъулиятни адо этиши зарурлиги, турли иллатлар ҳақида тушунчалар берилди.

– Бугунги тадбирда биз, ёшлар 12 йиллик мажбурий таълим, бу борадаги бурч ва масъулиятимиз ҳақида кўп нарса билиб олдик, – дейди Андижон тиббиёт коллежи ўқувчиси Карима Мадибекова. – Зиммамиздаги ана шу вазифаларни адо этиш, пухта билим олиш ва фаол ёшлар қаторида бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.

Профилактика куни доирасида вилоятдаги 869 таълим муассасасида ўқувчиларнинг дарсда қатнашиши, кийиниш маданиятига амал қилиши ўрганиб чиқилди, соғлом турмуш тарзи, маънавий-ахлоқий тарбия мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Фарзандлари назоратига эътиборсиз, уларнинг дарсга қатнашишига масъулиятсизлик билан қараган 540 ота-онага тегишли чора кўрилди.

Профилактика тадбирлари ўқувчи ёшларнинг таълим-тарбияси билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни ўз вақтида аниқлаш, бартараф этиш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини юксалтиришда ички ишлар идоралари ходимлари, педагоглар, ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва масъулиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 236






Все о погоде - Pogoda.uz