ЎзА Ўзбек

05.02.2018 16:51 Чоп этиш версияси

Ҳамкорлик меморандуми: тадбиркорлар ҳуқуқлари ишончли ҳимояда

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Қонунларни қўллашда юзага келаётган муаммоларни чуқур илмий таҳлил қилиш, илғор хорижий давлатлар қонунчилиги ва тажрибасини қиёсий ўрганиш асосида қонунчилигимизни такомиллаштириш билан шуғулланадиган мазкур институтнинг сиёсий партиялар билан ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис, ҳужжатда ижтимоий шериклик соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегияси доирасида тайёрланадиган қонун лойиҳаларининг экспертлар ҳамда жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама этилишини таъминлаш, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйишга келишилган. Ҳужжат партия фаолиятида қонунчилик муаммолари ва уларни бартараф этиш бўйича аҳоли ва электоратнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини ўрганиш, қонун лойиҳаларини аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилиш ва илмий экспертизадан ўтказишда қўл келади.

Тадбирда ушбу ҳамкорлик меморандуми тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
10 670