ЎзА Ўзбек

15.03.2019 15:33 Чоп этиш версияси

Ҳамиша алоқада бўламиз!

Ҳамиша алоқада бўламиз!

“Мимино” бадиий фильмидаги бир кўриниш эсингиздами? Маълумки, кино қаҳрамони Европадаги шаҳарлардан бирига бориб қолганида, она қишлоғи билан телефон орқали боғланмоқчи бўлади. Аммо қишлоқ билан боғланишнинг имкони бўлмайди. Шунда у Телави шаҳри билан улаб беришларини сўрайди. Коммутатор Телавини Тель-Авив деб эшитиб, Исроил пойтахти Тель-Авив билан улаб беради. Бу ўша вақтдаги телефон хизматининг яққол кўринишидир.

Бундан бир неча йил муқаддам Грузияга ташрифим асносида айни шу Телави шаҳрига бориш насиб қилди. Шаҳар кўчаларидан ўтиб кетаётганимизда, қўл телефоним жиринглаб қолди. Уйдан (яъни Тошкентдан) экан, бемалол суҳбатлашдим. Тақдирни қарангки, мана шу ҳодиса қўлимга қалам олишга, тўғрироғи, компьютерга ўтиришга мажбур қилди.

Ҳозирги телефон (хоҳ шаҳар, хоҳ мобиль бўлсин)алоқаси ва хизмати ҳақида гапирганда, албатта яқин ўтмиш эсга тушади. Шу ўринда машҳур латифа тез-тез тилга олинади.

Японияликлар Владивостокдаги муассасалардан бирига ташриф буюрибди. Қабулхонада туришганларида, ичкаридан раҳбарнинг ким биландир бақириб гаплашаётгани эшитилибди. Шунда улар котибадан “раҳбар нима учун бақириб гаплашаяпти”, деб сўрашибди. Котиба “раҳбар Москва билан гаплашмоқда”, деб жавоб берибди. Шунда таажжубга тушган японлар “наҳотки телефон орқали гаплашишнинг иложи йўқ”, деган экан.

Бу латифанинг тагида жон бор. Чунки ўша вақтларда телефон алоқаси ёмон бўлиб, нафақат шаҳарлараро, балки шаҳар ичида ҳам телефонда суҳбатлашиб бўлмасди. Буни дунёнинг нариги бурчаги билан бемалал суҳбатлашаётган, СМС юбораётган, whatsapp орқали мулоқотда бўлаётган ҳозирги ёшларга айтсангиз, албатта ишонишмайди.

Авваллари уйга телефон тушириш машаққатли бўлган бўлса, эндиликда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган оила аъзоларимизнинг ҳаммасида мобиль телефони бор. Айримлар иккита сим картадан фойдаланади.

Таъкидлаб ўтганимдек, бир неча йил аввал бир гуруҳ журналистлар сафида Грузияга сафар қилишга тўғри келди. Тошкент Тбилиси ўртасида тўғридан тўғри самолёт парвози бўлмагани боис Олмаота орқали Грузияга бордик.

Энг қувонарлиси, ҳам Олмаота, ҳам Тбилиси аэропортида мобиль алоқаси компанияларидан СМС келиб, Қозоғистон ва Грузияга келишимиз билан табриклашларини билдиришган. Айни шу компанияларнинг фаолияти туфайли ҳам беш кун мобайнида ўзимни 2 минг километр узоқликдаги олис юртда эмас, балки Ўзбекистонда юргандек ҳис қилдим. Чунки хоҳлаган вақтда Ўзбекистонга қўнғироқ қилишим ёки Тошкентдан бўлган қўнғироқларни бемалол қабул қилиб олиш имкониятлари туғилди. Шерикларимиздан икки нафари газеталарнинг бош муҳаррири бўлгани боис, улар ҳам ҳар дақиқада таҳририят ходимлари билан у ёки бу масала бўйича боғланиб туришди.

Сафарга кетганимни билмаган айрим ўртоқларим эса телефонда бемалол гаплашаётганим учун Грузияда юрганимга ишонишмади ҳам.

Эсон-омон Тошкентга қайтгач, сафар таассуротлари билан ўртоқлашиш мақсадида яқин дўстларимга телефон қилдим.

– Туркиядаман, – деди биринчи дўстим.

– Қозоғистондаман, – деди иккинчиси.

Изоҳга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Телефон алоқаси шу даражада тараққий этганки, жаҳоннинг яқин ва йироқдаги барча мамлакатлари билан ҳеч бир муаммоларсиз алоқада бўлиш мумкин. Шу кунларга етказганига минг марта шукур айтамиз.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
1 735