Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.09.2018 14:43 Чоп этиш версияси

“Амиробод” обод манзилга айланмоқда

“Амиробод” обод манзилга айланмоқда
"Обод қишлоқ" дастури – амалда

Фарғона вилояти Бағдод туманидаги Амиробод ва Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғинларида “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Кенг ва равон кўчалар, замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари каби ўзгаришлардан аҳоли беҳад мамнун.

– Маҳалламизда 3 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Амиробод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шамсиддин Турдалиев. –“Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилаётган ишлар натижасида ҳудудимизга барча ҳавас билан қарамоқда. Маҳаллани жорий йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди. Асосий мақсадимиз – аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш. Шунингдек, одамларда ўз қишлоғи, маҳалласи тақдирига масъулият ҳиссини кучайтириш, халқимиздаги бунёдкорлик, тадбиркорлик, ҳамжиҳатлик фазилатларини қўллаб-қувватлашдир. 

Дастур доирасида маҳалладаги 336 хонадонда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 3 километр ичимлик суви, 1,2 километр узунликда электр-энергияси тармоғи тортилди, 8 трансформатор мукаммал таъмирланди.

– Маҳалламизда бундай ишларни олиб борилишини хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик, – дейди Хурсанали Шерғозиев. – Ўтган йил куз-қишда лой кечиб мактабга қатнаган ўқувчилар энди кенг ва равон, асфальтланган кўчалардан юриб, ўқишга бориб келмоқда. Кечалари кўчаларимиз чароғон.

Дарҳақиқат, шу кунга қадар йўлсозларнинг меҳнати билан 6,5 километр узунликдаги йўллар замонавий кўриниш олди. Асосий йўл ёқасига 75 кўча чироқлари ўрнатилди. 9-умумий ўрта таълим мактаби, “Амиробод” қишлоқ оилавий поликлиникаси, 41-давлат мактабгача таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, ижтимоий дорихона, супермаркет, ҳаммом бунёд этилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари томонидан 100 дан зиёд аҳолини иш билан таъминлашга эришилди. Уйма-уй юриб, аҳолидан олинган таклиф ва сўровлар асосида ҳудуддаги зах сувлари сатҳини пасайтириш учун коллекторларда тозалаш ишлари олиб борилди.

Ким билан суҳбатда бўлманг, бу ердаги бунёдкорлик ишларидан руҳланганини, эртанги кунга катта ишонч билан қараётганини гувоҳи бўласиз. “Бир пиёла чой ичиб, меҳмонимиз бўлинг” дея сизга лутф қилади. Буларнинг барчаси ободлик ва фаровонлик белгиси эмасми? 

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА