ЎзА Ўзбек

18.10.2020 Чоп этиш версияси

Амир Темурнинг икки муаззам шаҳардаги муҳташам ҳайкаллари бир кунда очилган эди

Амир Темурнинг икки муаззам шаҳардаги муҳташам ҳайкаллари бир кунда очилган эди
Кун тарихи

Ватанимиз тарихидаги 18 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1840 йил (бундан 180 йил олдин) – Бухоро амири Насруллоҳ вакиллари Петербургга ташриф буюрди. Бухоро вакиллари Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари ҳамда шахсан подшоҳ томонидан қабул қилинди. Бухоро амири элчилар орқали императордан қимматбаҳо металларни қидириш ишларига ёрдам беришни илтимос қилган эди. Шу сабабли Бухорога ташриф буюрадиган Россия элчиларига 35 ёшли тоғ инженери, подполковник Константин Бутенев раҳбар этиб тайинланди. Ушбу миссия аъзолари олдига амирлик тўғрисида маълумот тўплаш ҳамда Россия билан Бухоро ўртасида ўзаро шартнома тузишга эришиш вазифаси юклатилди. Шу тариқа кейинчалик 1841–1842 йилларда Бухорога Бутенев жосуслик миссияси юборилди.

1994 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хоразм вилоятида қанд-шакар заводи қуриш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

1996 йил (бундан 24 йил олдин) – Тошкентда Темурийлар тарихи давлат музейи тантанали суратда очилди. Шу куни Самарқанддаги Кўксарой майдони ва Соҳибқирон туғилган юрт Шаҳрисабздаги Оқсарой мажмуаси олдида Амир Темур ҳайкалларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Олдинроқ –1993 йил 31 августда Тошкентда Амир Темур ҳайкали қад ростлаган эди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, академик Бўрибой Аҳмедовнинг ёзишича, XV асрда французлар Соҳибқироннинг олтин ҳайкалчасини ясаб, унга “Европа халоскорига” деган сўзларни ёзиб, Париж музейларидан бирига қўйишган экан. Таниқли француз олими Люсьен Кереннинг сўзларига кўра Соҳибқироннинг ушбу олтин ҳайкалчаси 1900 йили Париждаги Умумжаҳон кўргазмасида намойиш этилган, бироқ ҳозирда унинг қаердалиги номаълум. Олим ҳайкалчани топиш учун изланишлар олиб борган, аммо бунга муваффақ бўлмаган. Унда ҳайкалчанинг фотосурати мавжуд.

1996 йил (бундан 24 йил олдин) – Самарқанд ва Шаҳрисабздаги тантанали маросимлар чоғида ҳар икки шаҳар: ватанимиз тарихида тутган беқиёс ўрни, самарқандликларнинг асрлар давомида миллий фан ва маданиятимизни ривожлантиришга қўшган буюк ҳиссасининг эътирофи сифатида – Самарқанд шаҳри, темурийлар даври улкан маданий ва маънавий меросини, ноёб тарихий ёдгорликларини асраб-авайлаш, ёш авлодни буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари, озод мамлакатимиз буюк истиқболини яратишга қодир кишилар қилиб тарбиялаш ишига қўшган алоҳида хизматларини эътиборга олиб – Шаҳрисабз шаҳрига “Амир Темур” ордени топширилди.

1997 йил (бундан 23 йил олдин) – Самарқандликлар улкан айём – Самарқанд кунини биринчи марта нишонладилар. Шу йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий “Самарқанд куни” байрам қилинади. Ўзининг 2750 йиллик тарихи давомида ушбу шаҳар мозийдаги кўплаб буюк ҳодисаларга гувоҳ бўлган.

2017 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Халқаро ипакчилик комиссиясига аъзо бўлди. Бу комиссия Бирлашган Миллатлар Ташкилотида рўйхатга олинган тузилма бўлиб, унинг асосий мақсади халқаро кўламда ипакчилик ва ипак саноатини ривожлантиришга қаратилган. Унга аъзо бўлиш, энг аввало, соҳада юз бераётган сўнгги янгиликлардан хабардор бўлишни таъминлайди. Шунингдек, юртимизда ипакни қайта ишлаш ва унинг экспортини кенгайтиришда қўл келади.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади



2 966
ЎзА