ЎзА Ўзбек

05.01.2020 Чоп этиш версияси

​Амир Темур Бухорони кимга туҳфа қилмоқчи бўлган?

​Амир Темур Бухорони кимга туҳфа қилмоқчи бўлган?

Амир Темур Самарқандни тарк этиб, ўзига расман тегишли бўлган мамлакатни қайтариб олиш учун қўшин тўплаш мақсадида Бухоро томонга келиб ўрнашади.

Ҳазрат Сайид Амир Кулол жума намозини ўқиш учун муридлари билан Бухородаги жомеъ масжидга йўл олди. Намоздан сўнг яна шогирдлари қуршовида Сухорга қараб юра бошлади.

Бу пайтда шаҳарнинг Калобод ва Фатҳобод маҳаллалари ўртасида бир ям-яшил ўтлоқ жойда Амир Темур ҳам навкарлари билан суҳбатлашиб ўтирарди. Шу пайт кўчадан ўтлоқни ёқалаб, Амир Кулол муридлари билан кета бошлади. Ёш саркарда Амир Темур ўтиб кетаётган бу дарвешларга кўзи тушди ва ўртада юриб бораётган нуроний отахонни дарҳол таниди. У – ўзининг ҳаёт йўлига чироқ бўлган инсон – Ҳазрат Сайид Амир Кулол!

Бу пайтда пир анча кексайиб қолганди, лекин мункилламаган, ҳамон бўйи баланд эди. Оппоқ узун соқоли кўксига тушиб турар, юришларида тетиклик ва ғайрат мавж уриб турарди. Темурбек югуриб Амир Кулолга пешвоз чиқди.

– Ассалом алайкум, Ҳазрат! Аввалги учрашувимиздан бери ўн тўрт йил ўтибди. Шу вақт мобайнида ўгитларингизни ёдимдан чиқармадим. Уларни ўзимга қоида қилдим, – деди Темур.

– Ва алайкум ассалом. Сен ҳозир буюклик бўсағасида турибсан, бўтам! Шундай давом этавер! – сўз қотди Амир Кулол.

– Ҳазрат! Мен не иш қилсам, сизнинг ва дарвешларингизнинг дилини хушнуд қиламан? Буюринг! – бош эгди Темурбек.

– Менга ва муридларимга ҳеч нарса керак эмас, бўтам! – жавоб қилди Амир Кулол.

– У ҳолда, менга бирон топшириқ ёки ҳозирги шароитимдан келиб чиқиб маслаҳат беринг! – деди Темурбек.

– Албатта, лекин ҳозир эмас. Бугун хуфтон намозидан сўнг азиз-авлиёлардан ишорат бўлса, ўшани сенга етказаман. Менинг устозим ҳам ўз-ўзларидан сўз айтмаганлар. Менга ҳам тўғридан-тўғри топшириқ бериш ҳуқуқи берилмаган.

Шу сўзларни айтиб, хайр-хуш билан Амир Кулол яна муридлари қуршовида йўлига равона бўлди.

Ҳазрат Сайид Амир Кулол хуфтон намозини ўқигач, оёғи чаққон муриди – Мансурни чақирди.

– Сен саркарда Амир Темурнинг чодирига бор! Темурга айтгинки, агар ўтирган бўлса турсин, агар турган бўлса, қайтиб ўтирмасин! Вақт тиғиз! У зудлик билан Хоразм томонга йўл олсин. Лекин Хоразмга босиб кирмасин. Бир ой муддат ичида ўша томонларда яшаб, аскар-у навкар йиғиб турсин. Чунки унинг душманлари ҳозир кучли. Айтилган вақт ўтгандан сўнг Самарқанд сари юрсин ва тахтни эгалласин! Шунда бу иш осон кўчади ва Мовароуннаҳр мамлакати Амир Темурга ҳамда унинг фарзандларига насиб этади.

Мурид ўз пирининг сўзларини унга бекам-у кўст етказди. Бир неча дақиқадан сўнг Амир Темур барча аскарлари билан Хоразм йўлига тушиб от чоптириб кетди. Улар бу қўналғани тарк этишгач, ярим соат ўтар-ўтмас, кўп сонли яхши қуролланган кишилар чодирларни ўраб олдилар ва уларнинг ичига бостириб кирдилар. Лекин у ерда ҳеч кимни тополмай, аламларидан бу вақтинчалик яшаш жойини тилкапора қилдилар. Лекин ўзларинг разил ниятларига етмадилар – ўсиб келаётган Буюк Амир Темурга ҳеч қандай зиён етказа олмадилар.

Снимок.JPG

СОҲИБҚИРОННИНГ ТААЖЖУБИ 
Орадан тўрт йил ўтди. Бу вақт мобайнида Буюк Амир Темур барча рақиб ва душманларини енгди. Мовароуннаҳр ва Хуросон мамлакатларининг ягона ҳукмдорига айланди. Самарқандни пойтахт қилди.

Ҳокимиятни мустаҳкамлагач, Ҳазрат Сайид Амир Кулолга мактуб юборди.

“Ҳазрат! Сизнинг муборак қадамингиз бизнинг вилоятга етишига мунтазирмиз. Агар иноят этсангиз ва ўзингиз келинг, десангиз, дарҳол камарбаста бўлиб хизматингизга борамиз. Лекин биз борсак, у ердаги жамоат, ҳукмдор келаяпти деб, бир оз ташвишга қолиши мумкин. Ҳазрат! Сизнинг истагингиз қандай бўлса, биз унга бўйсунамиз, уни бош устига қабул этамиз!”

Ушбу хатни олиб келган хабарчига Амир Кулолнинг жавоби битта бўлди. – Тақсир! Буюк ҳукмдорга менинг узримни етказинг. Биз бу ерда мўъминлар дуоси билан машғулмиз ва бошқа ерга боришимиз лозимлиги ҳақида бирор ишорат олганимиз йўқ...

Сўнг Амир Кулол хонақоҳига ўғли Амир Умарни чорлади: – Фарзандим Амир Умар! Ҳукмдор Амир Темур мени Самарқандга чақирибди. Ўзимнинг ўрнимга сени у зот ҳузурига жўнатаман. Амир Темурга менинг сўзларимни ҳеч ўзгартирмай етказгин. Агар ҳукмдор Оллоҳ таолога ва унга яқин кишиларнинг қалбига яқинлашишни истаётган бўлса, айтгинки, у тақвони ва адолатни ўзига шиор этсин, зеро Мавлога яқинлашишнинг ягона йўли шудир. Ва огоҳ бўл!.. Ҳукмдор сенга кўп назр-ниёз бермоқчи бўлади. Зинҳор қабул этма! Мабодо, уларни олсанг, қайтиб хонадонимга қадам босма!

Хабарчи ва Амир Умар биргаликда Самарқанд сари отландилар. Амир Темур саройига ташриф буюрган Сайид Амир Кулолнинг фарзандини ҳурмат ва эътибор билан кутиб олди.

– Сизнинг отангиз – Ҳазрат Сайид Амир Кулолнинг маслаҳатлари ва топшириқлари асосида биз мана шундай даражага эришдик. Шунинг учун у зотнинг бизга қилган яхшиликлари эвазига Бухоро вилоятини сизга бағишлаймиз. Амир Умар бош чайқади.

– Буюк Амир! Таклифингиз учун катта раҳмат. Афсуски бу нарсани олишимга ижозат йўқ. Темур одати бўйича, ҳайратланиб, ўткир нигоҳини унга қаратди.

– Таажжуб, у ҳолда Бухоро шаҳрини қабул этинг! Амир Умар яна бош чайқади.

– Мени авф этинг, Буюк Амир! Шаҳарни олишга ҳам ижозат йўқ!

– Ҳеч бўлмаса, ўзингиз истиқомат қилаётган қишлоқни олинг! Кулолнинг ўғли бу таклифни ҳам рад этди.

– У ҳолда, айтинг, биз Ҳазратга нимани совға қилиб юборсак, у шарафли зотга муносиб бўлади? Бизни у баракотли зотга яқин қилади?

Амир Умар ўз отасининг гапини етказиш мавриди келганлигини ҳис қилди ва сўз қотди: – Падари бузрукворим айтдиларки: агар ҳукмдор Оллоҳга ва унга яқин кишиларнинг қалбига яқинлашишни истаса, тақвони ва адолатни ўзига шиор этсин, зеро Мавлога яқинлашишнинг ягона йўли шудир.

Буюк Амир Темур бу иборани катта диққат билан эшитди ва ўзига янги қоида олди. Кейинчалик унинг “Куч – адолатдадир!” деб жаранглаган шиори ана шу йўсинда вужудга келганди. Бу чақириқнинг асоси Ҳазрат Сайид Амир Кулолнинг маслаҳатидан келиб чиққанди.

Манба: “Ҳазрат Сайид Амир Кулол”
тарихий воқеаномалар

16 974
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ тайёрлади