ЎзА Ўзбек

14.06.2019 Чоп этиш версияси

Амир Темур ҳақида арзирли экран асари яратилишига умид уйғонди

Амир Темур ҳақида арзирли экран асари яратилишига умид уйғонди

Шу кунларда шонли тарихимиз юзасидан ишланган Исломхўжа, Исо Термизий ҳақидаги дастлабки фильмларнинг муваффақияти Соҳибқирон Амир Темур ҳақида арзирли экран асарлари яратилишига умид уйғотади. Албатта, фильмнинг асоси – сценарий. Бу борада ҳам муваффақиятли изланишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Амир Темур ҳақидаги салмоқли публицистик мақолалари ва китоблари билан тилган тушган ёзувчи Ҳаким Сатторийнинг “Шер ҳамлага чоғланади” киносценарийси (у ёзувчининг яқинда иккинчи марта нашр этилган “Соҳибқирон абадияти” китобида эълон қилинган, 410-443 бетлар) фикримиз далилидир. Асар “Соҳибқирон юлдузи” журналининг 2014 йил 3-сонидан ҳам ўрин олган, шунингдек, Ёзувчилар уюшмаси драматургия кенгашида муҳокама қилиниб, ижобий баҳо олганди. 

Сценарий билан ўз вақтида Шуҳрат Аббосов, Рихсивой Муҳаммаджонов сингари марҳум киноусталар таниш бўлган, қўллаб-қувватлаганди. Тарихчи олим Убайдулла Уватов, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев, режиссёрлар Маҳкам Муҳаммедов, Ҳилол Насимов ҳам у асосда экран асари яратиш мумкинлигини таъкидлашган.

Ёзувчи Ҳаким Сатторийнинг ушбу асари Соҳибқирон Амир Темур ҳаётининг йигитлик йилларига тўғри келадиган 1361 йил куз ва 1362 йил баҳорида кечадиган тарихий воқеалар асосида яратилган. Маълумки, энди камолот босқичига қадам қўйган 25 ёшли Темурбек ўша йилларда ўзи мустақил қўшин тузиб, мўғул истилосига қарши курашга киришган эди.

Сценарий воқеалари Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари атрофида кечади. Ўз толеини излаган йигит бу қадимий масканлар ҳудудларида чарх уриб, дастлабки ҳаракатларини бошлайди. Унинг қалби ватан озодлиги ва халқ эрки туйғуси билан тўлиб-тошган. Бу вазифани уддалаш эса осон эмас, кишидан метин иродадан ташқари улкан ақлий ва жисмоний салоҳият талаб қилади. Муаллиф эътиборни шу нуқтага қаратади ва воқеалар оқимида Темурбекнинг ҳам жисмоний, ҳам ақлий қобилиятини намоён қиладиган эпизодлар яратади. Бунда олов-оташ йигитнинг ёш ва гўзал қаллиғи Ўлжой Туркон билан суҳбатлари ва Сўхори қишлоғида улуғ пир Мир Саййид Кулол даргоҳида кечадиган воқеалардан фойдаланади.

Гўзал, ёш қаллиғининг кўнглини овлашга астойдил киришган йигит унга янги узилган сархил мевалардан туҳфа қилади. “Бизнинг умум шодлигимиз — юртимизнинг озодлиги, — дейди Ўлжой тамиз билан, — Сизни нималар кутиб турибди, бегим?”

Бундай дилбар муомаладан жўшиб кетган Темурбек “...Баҳодирлик юмушимда сен ёнимда бўлгин, Ўлжой! Сен менинг туганмас ғайратимсан, журъат ато этадиган илҳомсан”, деб севгилисининг кузатувида турли жисмоний машқлар бажариб, маҳоратини намойиш этади.

Умуман, бир-бирига ошуфта интиқ кўнгилларнинг кечинмалари орқали таҳликали кунлар арафасида турган Соҳибқироннинг ички туғёнлари ёрқин ифодаланган. У севгилисига “Сени олам маликасига айлантирсам”, деб мурожаат қилади, эҳтиросларга тўлиб кетган қалби билан “Сен онамнинг, ватанимнинг тимсолисан!” деб ҳайқиради.

Кейинчалик душман билан юзма-юз келиш арафасида “Майсалар... Улар сенинг киприкларингга ўхшайди. Уларни ёвга топтатишга ҳаққим борми?!” дея наъра тортади. Албатта, танланган руҳий ҳолат ўзини оқлаган. Ҳар қандай эр киши ёри олдида ўзини кучлироқ ва матонатлироқ сезади. Темурбек тилидан айтилган каломлар эса халқимизнинг аёлларга эътибори рамзидир. Бу тамойил кейинчалик Темурийлар сулоласида устувор маънавий қоида сифатида қадрланди.

Сухори қишлоғида, уламолар ҳузурида эса Темурбек туғма истеъдод соҳиби ва зукко олим йигит сифатида намоён бўлади. У араб, форс тилларидаги шеърларни бир эшитишдаёқ ёддан такрорлаб, мислсиз хотираси борлигини намоён этади, шайхларнинг илми калом, шариат аҳкомлари юзасидан берган саволларига теран жавоблар қайтариб, ақлий камолотини ҳам кўрсатади. Зеро, Ўлжой Туркон унга “Рости, сиз кўзимга қилич таққан суворий бўлиб эмас, илм йўлидаги донишманд талъатида кўринасиз” деган эди. Темурбек эса “... билагимни бошим амрига буйсундиришни, яъни ким кучимни ақлимга хизмат қилдиришни одат қилганман” дея ўз кўнглини изҳор этади.

Темурбек уламолар қуршовидан мутаассир бўлиб чиқади. “Қачонки илми ҳикмат, маърифат кўнгилларни чароғон қилмас экан, бизнинг зулмат ичидан йўл топишимиз қийин бўлади” дейди ҳамроҳларига. Ўлжой Турконнинг умидвор кўзларига қараб эса “Жоним, рости, ҳозиргача ичи бўш кўза эдим, энди у сувга тўлди ва ўзи ҳам уммон оғушида қолди” деб, кайфиятини маълум қилади. Темурбекнинг мулоҳазалари унинг ҳам диний, ҳам дунёвий илмлардан чуқур билимдонлигини кўрсатиб турибди.

Воқеалар Бухоро қуролсозлари, амир Ҳусайн ва бошқа қурдошлар даврасида давом этади. Лавҳалар ўша ҳаяжонли дамлардан сўзлайди, кўз олдимизда эрк истагида жавлон урган аждодларимиз гавдаланади. Сценарийда асосий воқеалар Темурбек ва яқинлари ҳаётининг ғалабали дамлари, хусусан, унинг Турон султони деб эълон қилиниши билан якунланади.

Муаллиф асарини рамзий воситалар билан безаган. Прологда Амир Темурнинг пойтахтдаги муҳташам ҳайкали пойида ёш гўдак тасвири, у гўё тарих билан қизиқаётгандек. Шамол сарғайган қоғоз парчасини унинг қўлига тутқазади. У баланд кўтарилади, қоғоз очилиб кетади, воқеалар бошланади. Финалда ҳам шу лавҳа, энди уни тутиб турган қўл эгаси маълум. Тантанали мусиқа, ёрқин хотима.

Бизга сценарий анча мукаммал, кинобоп бўлиб туюлди. Ўша даврни яхши ўрганган, кўплаб китоблар нашр эттирган Ҳаким Сатторий фильм учун кескин, драматик нуқтани топа олган. Соҳибқирон ҳаётининг бу даври ҳақида манбаларда фақат Саййид Мир Кулол билан учрашганлиги таъкидланган. Муаллиф бадиий тўқимадан маҳорат билан фойдалана олган ва жиддий лавҳалар яратган. Ҳусайн, Дилшод оқа, Ийгу Темур, Жоку Барлос сингари персонажлар орқали ўша давр манзарасини аниқ гавдалантирган. Сценарийдаги романтик руҳ, публицистик пафос драматизмни янада кучайтириб, давр нафасини ҳис этишга кўмаклашади. Воқеалар шиддат билан кечади, ҳаяжон тарк этмайди.

Шу билан бирга, ўша кунларнинг теран мазмуни ҳам томошабинни қамраб олади. Воқеалар жараёнида Амир Темурнинг қанчалик салоҳиятга эга эканлиги ҳақида ёрқин таассурот пайдо бўлади. Муваффақият ҳам шунда.

Маълумки, шавкатли бобомизнинг бутун фаолиятини кўрсатиш учун неча ўн серияли дурдона асрлар яратишга тўғри келади, бироқ томошабин томчида қуёшни кўргандек, бир картинада ҳам буюк шахсни кўра олса, шунинг ўзи кифоя. Мазкур сценарийда шу вазифа тўла уддаланган.

Амир ФАЙЗУЛЛА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. 
Мирзапўлат ТОШПЎЛАТОВ, кинодраматург,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

4 178
ЎзА