ЎзА Ўзбек

15.05.2020 Чоп этиш версияси

Амерсфортда қурбон бўлган 101 ўзбек ўғлони ва “101“ фильми ҳақида ҳеч нарса...

Амерсфортда қурбон бўлган 101 ўзбек ўғлони ва “101“ фильми ҳақида ҳеч нарса...

Уруш ўзидан шу қадар нафратли ва қонли излар қолдирадики, бу изларни йўқ қилишга асрлар ҳам камлик қилади. 1941 йилнинг 27 сентябрь куни Смоленск остонасидаги жангларнинг бирида фашистлар томонидан ўзбек миллатига мансуб 101 нафар аскар асирликка олинади.

Асирлар Гитлернинг энг яқин ҳамтовоқларидан бири саналган Йозеф Геббельснинг буйруғига биноан 1941 йилнинг май ойида ташкил қилинган Нидерландиядаги Амерсфорт концлагерига келтирилади. Амерсфорт концлагерида сақланган ва тирик қолган собиқ асирлардан бири Алекс Де Деунинг берган кўрсатмасига кўра, Геббельснинг буйруғига сўзсиз бўйсунган лагер қўриқчилари 101 нафар ўзбекни бошқа асирлардан алоҳида сақлашган ва уларга ноинсоний муомалада бўлган.

Бу гапларни бутун дунё “Шон-шуҳрат майдонининг фарзандлари” китобининг муаллифи, нидерландиялик журналист Ремко Рейдинг Иккинчи жаҳон урушида Леузденда дафн қилинган исми номаълум аскарлар тарихини ўргангандан сўнггина билди. Ремко Рейдингнинг қайдларига кўра, фашистлар тасаввур қилиб бўлмас шароитда сақланаётган 101 нафар ўзбек асири ҳар ҳафта Амерсфорт кўчаларидан шаҳар аҳолисига кўрсатиш мақсадида олиб ўтилган.

101 ўзбек аскарига асирларга бериладиган кунлик озиқ-овқат, аниқроқ айтганда фақат ноннинг бошқа асирларга нисбатан ярми берилган. Бир гал уларга нон бергани учун бутун Амерсфорт концлагеридаги асирлар бир кун давомида очликда сақланган. Бундан тушуниш мумкинки, 101 нафар ўзбек аскарини хўрлашдан мақсад битта эди. Бу ҳам бўлса, Йозеф Геббельснинг ҳисобига кўра очликдан асирлар биргина нон учун ҳайвонларча ташланиб, бир-бирлари билан олишишлари керак эди ва бу ҳолат камера тасвирига олиниши шарт эди. Бироқ шу ерини фахр ва ифтихор билан қайта-қайта такрорлаб айтамизки, маҳлуқсифат иблис Йозеф Геббельснинг ушбу ўйлаганларини аждодлари номи ва ғурурини ҳар қандай қийинчиликда ҳам унутмаган ўзбек аскарлари чиппакка чиқаради...

Энди факт. Ремко Рейдинг қайдларига кўра, асирликка олинган 101 нафар ўзбек аскарининг барчасини Амерсфорт концлагери марказий майдонига олиб чиқишади. Берлиндан (диққат қилинг, Берлин) камералар билан ташриф буюрган гуруҳ ишга киришади ва бўлаётган воқеани тасвирга олишни бошлайди. Тарғибот гуруҳининг раҳбари ва Адольф Гитлернинг маслаҳатчиларидан бири Йозеф Геббельснинг буйруғига биноан битта оқ нон ҳафталаб очликда сақланган, саф тортиб турган 101 нафар ўзбек асирининг олдига ташланади. Шунда сафни бузиб чиққан асирлардан бири нонни олиб, сафдаги энг ёши катта аскарга узатади. У бўлса нонни ушатиб, сафдаги қолган ўзбек аскарларига тенг бўлиб беришни бошлайди. Йозеф Геббельс бу ҳолатни кўриб, тасвирга олиш гуруҳига ишни тугатиши ҳақида буйруқ беради. Унинг совет аскарларини оч йиртқич каби нон талашиб, бири-бирини ғажиётганини бутун дунёга кўрсатиш режаси шу ернинг ўзида матонатли ўзбек аскарлари томонидан чиппакка чиқарилади.

1941 йилнинг қишигача қахрамон 101 ўзбек аскаридан 24 нафари Амерсфорт концлагеридаги оғир меҳнат ва очликдан ҳалок бўлади. 1942 йилнинг 9 апрель куни эса қолган 77 аскар Амерсфорт деворлари олдида отиб ташланади.

1941 йилнинг май ойидан 1945 йилнинг апрель ойига қадар қонли фаолият кўрсатган Амерсфорт концлагерида умумий ҳисобда 35 минг нафар маҳкум сақланган. Шулардан 26 минг 500 нафари Бухенвальд концлагерига кўчирилган.

Бугунги кунда ушбу ҳамюртларимизнинг номлари номаълум бўлсада, улар кўрсатган матонат оммага маълум бўлди. Улар ҳақида тарихий далиллар ва архив ҳужжатларига асосланган фильм яратилди ва кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Аммо шу тақдим этилаётган расмга қарасангиз, 101 жангчининг картинадагидек бахтиёр эмаслигини англайсиз.

Жаҳонгир МУСТАФОЕВ,
Тарих фани ўқитувчиси.

28 543
ЎзА