ЎзА Ўзбек

13.05.2018 21:13 Чоп этиш версияси

Америка – сеҳрли диёр!

Америка – сеҳрли диёр!
Кўпчилик мендан: «Американи бир оғиз сўз билан ифодалай оласизми?», деб сўрашади. Шунда мен, устоз шоир Абдулла Ориповнинг: “Америка – сеҳрли диёр!”, деган сўзларидан ўтказиб бирор нарса айтиш қийинлигини айтаман.

Тўғриси, бизни ёшлигимизданоқ Америкага қарши кайфият рухида тарбиялашарди. Шу сабабли ҳам бизнинг авлод ҳеч қачон Америкага боришни орзу қилмаган десам асло янглишмаган бўламан. Мустақилик туфайли хорижга бориш учун барча имкониятлар яратилди.

24.jpg

АҚШ Давлат департаментининг Хорижий ташриф буюрувчиларни қабул қилиш бўлими таклифи билан “Фуқарлик жамияти ва ОАВ. Бир мамлакат учун лойиҳа – Ўзбекистон” дастури доирасида 2005 йилнинг 26 февралидан 20 мартига қадар “океан орти мамлакати”да бўлиш насиб қилган эди. Аввалига Тошкентдан эрта тонгда йўлга чиқиб, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг Нью-Йоркка учаётган “Боинг” самолётида Франкфурт Майн аэропортига етиб бордик. Бу самолёт билан тўғридан-тўғри Нью-Йоркка кетиш мумкин эди. Аммо АҚШ қонунларига кўра, Давлат департаменти барча ҳаражатларни қоплаётгани боис Вашингтонга фақат АҚШ авиакомпанияларига тегишли бўлган самолётда бориш керак экан. Франкфурт Майн аэропортидан Вашингтон сари парвоз қилдик. Тун бўлгани боис Атлантика океанини томоша қила олмадик.

01.jpg

Вашингтон билан танишув аэропортидан бошланди. Бу ерда кўп туриб қолмадик. Божхоначилар инглиз тилида нимадир дейишди. Тил билмайман, “Но инглиш” дейишдан нарига ўтмадим. Шунда ҳамроҳларимидан бири “Сизга оқ йўл” тилаяпти, деди. “Санкью” дея ташқарига чиқдик. 

Бизни Вильям Боббит, Валерий Егоров исмли таржимонлар кутиб олишди. Вашингтон марказида Оқ уйдан унчалик узоқ бўлмаган меҳмонхонага жойлашдик. 

02.jpg

Бизга шаҳардаги тарихий, сиёсий, маданий аҳамиятга эга ёдгорлик ва диққатга сазовор жойларни кўрсатишди. Кейин ўзимиз билганимизга эркин суратда шаҳар айландик. Вашингтон — 1800 йилдан бери АҚШнинг пойтахти саналади. Бу шаҳар бирорта штат таркибига кирмайди. Алоҳида олинган — расмий номланиши Колумбия округи (District of Columbia — қисқартирилгани D.C) деб аталмиш маъмурий ҳудуд ҳисобланади. Шу сабабли ҳам америкаликлар шу номдаги штат билан адаштириб юбормаслик учун пойтахтни – Вашингтон(Колумбия округи) деган атамани ишлатишади.

Шаҳарга 1791 йилда асос солинган ва номи АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон шарафига қўйилган. Шаҳар режаси — келиб чиқиши француз бўлган меъмор Пьер Ланфан томонидан яратилган. Вашингтонни мэр бошчилигида 13 кишидан иборат муниципаль Кенгаш бошқаради. Бироқ АҚШ Конгресси Конституциянинг биринчи моддасига биноан шаҳар устидан назоратни ўз қўлига олиши мумкин. Яъни, Кенгаш томонидан қабул қилинган қонун ва қарорларни бекор қилиши мумкин. Шу сабабли ҳам шаҳар аҳолиси штатлар аҳолисига нисбатан ўз-ўзини бошқариш масаласида камроқ ҳуқуққа эга.

03.jpg

Вашингтонда сайёҳларнинг севимли жойларидан бири сўзсиз Оқ уй ва Капитоллий биноси ҳисобланади. Вашингтон марказида мемориал ва музейлар жойлашган — National Mall (Миллий Молл) бор. Бу ердан унча узоқ бўлмаган жойда АҚШ тарихидан дарак берувчи Миллий музей жойлашган. Тарихий ҳужжатларга қизиқувчилар албатта, АҚШ Конституцияси, Ҳуқуқлар тўғрисидаги Билль, Мустақиллик Декларацияси сақланаётган Миллий Архивга ташриф буюришлари керак. Капитолий атрофида бир-биридан гўзал ҳукумат бинолари, Олий Суд, Конгресс Кутубхонаси каби иншоатлар жойлашган. Foggy Bottom аталмиш мавзеда сайёҳлар учун муҳим бўлган Кеннеди номли Саньат маркази бор. Бу ерда миллий опера, миллий симфоник оркестр ва Вашингтон балет труппаси фаолият юритади.

04.jpg

Потомак дарёсининг нариги соҳилига ўтсангиз, АҚШ Мудофаа вазирлиги — Пентагон биносига кўзингиз тушади. 

05.jpg

Бинодан шимолда Арлингтон қабристони жойлашган. Бу қабристонга АҚШнинг икки нафар президенти — Жон Кеннеди ва Уильям Тафт дафн этилган. Арлингтон мемориал қабристонига албатта ташриф буюриш керак.

06.jpg 

Вашингтондаги музейлар орасида Иккинчи жаҳон уруши Миллий Мемориали, Денгиз мемориали ҳамда Вьетнам ва Корея урушларида ҳалок бўлган ҳарбийларга ўрнатилган ёдгорликлар сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.

07.jpg 

Биз Америка ҳаёти билан яқинроқ танишишга, уларга эса Ўзбекистонни яхшироқ билишлари учун қўлдан келганимизча ҳаракат қилдик. Албатта, Ўзбекистондан олиб борган совғалармиз, жумладан, миллий дўппи, сувинерларимиз мезбонларда катта таассурот қолдирган, деб ўйлайман.

08.jpg

Вашингтон штати маъмурий маркази Сиэтл шаҳрига Вашингтондан самолётда тахминан тўрт соатдан кўпроқ учдик. Аэропортдан шаҳарга йўл олар эканмиз, Сиэтлга кираверишдаги кўп қаватли кўприкка кўзим тушди. Саньат асари бўлмиш бу кўприк ё тўрт ё беш қават эди.

002.jpg

Шаҳарни ўраб турувчи тоғлар Сиэтлни Тинч океанидан эсувчи шамол ва бўронлардан муҳофаза қилади. Сиэтл шарқида Каскад (Cascade Range) тоғлари бор. Атрофи ўрмон, тоғ ва сув билан ўралган Сиэтл нафақат табиати ва иқлими билан, балки ривожланган инфратузилмалари, дам олиш учун яратилган имкониятлари билан ҳам ҳақли равишда фахрланади. Шаҳарда Майкрософт, Амазон, Старбакс, Боинг каби йирик компанияларнинг қароргоҳлари жойлашган. Рейтинг бўйича Сиэтл АҚШдаги энг яхши шаҳарлар рўйхатига киритилган.

Pike Place Market – шаҳар марказида жойлашган бўлиб, сайёҳларнинг севимли маскани ҳисобланади. Бу ерда жаҳонга машхур балиқ бозори ва бошқа бозорлар бор. Фиш-маркет – балиқ бозори икки-уч қаватли бўлиб, у ердан янги тутилган балиқ ва балиқ маҳсулотларини ҳарид қилишингиз мумкин. Ўзбек бозори сингари Сиэтлдаги балиқ бозори ҳам таърифлашга тил ожиз. Айланиб роса мазза қиласиз. Нафақат ҳарид, балки томоша учун ҳам бир марта айланиш керак. Шаҳардаги бошқа диққатга сазовор масканлар ҳам Pike Place Market яқинида бўлиб, бу ўз навбатида Сиэтл билан яқинроқ танишиш имконини беради. 

09.jpg

Сиэтлда Вашингтон университети ва унинг қўшимча таълим берувчи University of Washington Educational Outreach бўлими фаолият юритади. Университетга ташриф буюрдик. Университитга тегишли боғ ёқди. Худди ўрмонни эслатади. Ўқитувчилар учун алоҳида, талабалар учун алоҳида автомобилларга мўлжалланган гараж мавжуд. 

10.jpg

Washington State Ferries — АҚШдаги энг кўп кемаларга эга бўлган паром сервиси саналади. Сервисга тегишли паромлар шаҳарни ён атрофдаги ороллар билан боғлайди. Сувдаги сайр табиат гўзалликларидан баҳра олишга, чарчоқни чиқаришга хизмат қилади. 

11.jpg

Пьюджет-Саунд бўғози Сиэтлни Тинч океани билан боғлайди. Пьюджет-Саунд ғарбида Олимпик (Olympic Peninsula) ярим ороли жойлашган. Бу шаҳарда биз, ўзбекларнинг “гап” аньанасига ўхшаш одати бор бўлиб, жамоа аъзолари ҳар ойда бир марта Олимпик ярим ороли тўпланиб туришар экан. Улар ҳар учрашувга қандайдир совға билан боришлари шарт. Жамоанинг аъзоларидан бири бу тадбирга Ўзбекистондан келган меҳмонларни таклиф қилишга қарор қилибди. Бизнинг ташрифимиз, жамоа аъзоларида катта таассурот уйғотди. Ҳамма биз билан гаплашгиси келарди. Вашингтондан келган Конгреес аъзоси ҳам худди биз каби меҳмон сифатида иштирок этди. У атайин нутқ сўзлаб, Ўзбекистонлик меҳмонлар билан бир даврада ўтирганидан хурсанд эканини билдирди. Ўзбекистон ҳақида илиқ фикрларни айтиб ўтди. Вашингтонда бўлгани каби Сиэтлда ҳам бирор бир кишининг қовоғини солиб юрганини кўрмадик. Кейин билсак кулиб юриш америкаликларга хос одат экан. Кулгу ва саломлашиш нафақат хушмуамолалик белгиси, балки хавфсизлик кафолати экан.

Сиэтл менга ёқди. Жуда ҳам гўзал шаҳар. Бу ердан Юта штати маъмурий маркази бўлмиш Солт-Лейк-Сити шаҳрига йўл олдик.

Самолётдан қарасангиз шаҳарни ботқоқликлар қуршаб олгандек ва кичик шаҳарга ўхшаб туюлади. Бироқ ерга тушганингиздан кейин тасаввур бутунлай ўзгаради. Американинг бошқа шаҳарларидан қолишмайдиган шаҳар эканини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Шаҳарни Уосатч ва Окуирр тоғлари қуршаб олган. Солт-Лейк-Сити аҳолисининг 50 фоизи мормонлардан иборат эканлигини айтишди. Улар шаҳарни “Муқаддас шаҳарларнинг муқаддаси” деб аташади. 

13.jpg

2002 йилда бу шаҳарда XIX қишки Олимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Биз олимпиада муносабати билан барпо этилган меҳмонхоналардан бирига жойлашдик. 

14.jpg

Солт-Лейк-Ситига келган сайёҳлар албатта тоққа чиқмай қайтмайди. Alta и Snowbird SKi & Summer Resort курортлари жойлашган Little Cottonwood Canyonни шаҳарнинг ташриф қоғози, десак янглишмаймиз. Биз ҳам олимпия қишлоғи жойлашган тоққа бордик.

15.jpg

Сиракьюс (Syracuse) — АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Олбани ва Буффало шаҳарлари ўртасида жойлашган бўлиб, Онондага округининг маъмурий маркази ҳисобланади. 

16.jpg

Якшанба дам олиш куни маданий хордиқ чиқариш мақсадида Ниагара шаршараси томон йўлга тушдик. Канада чегарасигача 3 соат йўл юрдик. Йўлларга гап йўқ. Теп-текис. Ўрмонзорлардан ҳам, даштлардан ҳам ўтдик. Аҳоли пунктлари бўлмаса ҳам йўлларда ер остидан ўтиш жойлари мавжудлигига кўзимиз тушди. Билсак бу табиатга зиён етказмаслик мақсадини кўзлаган экан. Яъни, ҳайвонларнинг йўлнинг бу четидан у четига ўтишлари учун ерости ўтиш жойларини қуришга қарор қилишибди. Йўлнинг икки четида дарахт шохларнинг синиб ётганини кўриб, ҳашар йўли билан шохларини тозалаш керак, деган таклиф бердик. Аммо таржимонларимиз “бизда табиатга ташқаридан аралашишга йўл қўйилмайди. Ҳамма нарсанинг табиий бўлгани яхши” дейишди. Ер ости йўлларидан ташқари тахминан 90га яқин ер ости ва ер усти кўприкларини санаб, ниҳоят манзилга етиб бордик. Катта йўлдан чапга бурилиб, дарё бўйлаб юра бошладик. Мана шу дарё Ниагара шаршарасининг бошланиши эканини айтишди.

17.jpg

Ҳайдовчимиз, АҚШ фуқароси бўлгани учун Канадага бемалол ўтиб келиши мумкин бўлиб, бошқараётган микроавтобуси чегарада деярли текширилмасди. Агар микроавтобусдан тушмайдиган бўлсак, Канада ҳудудларига бизни олиб ўтиши мумкин эди. Аммо бундай қилмади. Чунки қонун бузиларди. Америкада қонунни бузиш улар учун гуноҳ ҳисобланади. Шу сабабли баландлиги 53 метрлик шаршарани Америка томонидан томоша қилиш билан кифояландик.

18.jpg

Сиракьюсдаги бир қатор ташкилотларда бўлиб ўтган тадбирларда қатнашдик. Хусусий мактабга бориб машғулотлар билан қизиқдик. Ўқувчилар билан суҳбатлашдик. АҚШ мактабларида – у ҳоҳ давлатга қарашли, хоҳ хусусий бўлсин — бир одат бор. Машғулотлар бир вақтда бошланади. Аммо хоҳлаган вақтда синфдаги радиокарнайдан АҚШ давлат гимни янграйди. Шунда ҳамма ўрнидан туриб, давлат байроғи томонга юз буриб, қўлини кўксига қўйишга мажбур. Мамлакат рамзларига ҳурмат оилада бошланиб, мактабда давом этади.

19.jpg

Сиракьюсдан Нью-Йоркка самолётда учиб кетишимиз керак эди. Меҳмонхонадан аэропортгача бир соат, у ерда бир соат самолёт кутилади, парвоз бир соат давом этади, аэропортдан меҳмонхонагача яна бир соат — жами тўрт соат экан. Шунда делегациямиздан таклиф чиқди: “микроавтобусда кетсак бўлмайдими?”. Йўлда тушлик қилиш билан қўшиб ҳисоблаганда микроавтобусда беш соат юрар эканмиз. Таклифимиз Вашингтонга — давлат департаментига етказилди. Улар рози бўлишди. “Юрган дарё” деганлари рост экан. Самолётдан кўра микроавтобусда кетганимиз фойда бўлди. Кўп нарсадан бохабар бўлдик, Америка йўлларини кўрдик, турмуш тарзи билан танишдик.

20.jpg

Нью-Йорк (New York City ёки City of New York) — жаҳон аҳамиятига молик мегаполис ва АҚШдаги йирик шаҳар. 8,3 миллион киши истиқомат қилувчи шаҳар АҚШнинг иқтисодий ва молиявий маркази ҳисобланади. Катта Нью-Йорк (Greater New York) ёки Metropolitan New York деб аталувчи шаҳарда умумий ҳисобда 19 миллион аҳоли истиқомат қилади. 

21.jpg

Гоҳида “Катта олма” деб аталувчи бу шаҳарни жаҳон пойтахти, деб ҳам аташади. Чунки бу ерда БМТ ва жаҳон аҳамиятига эга ташкилотларнинг қароргохи жойлашган. Имконият бўлишига қарамай биз БМТ қароргохига кираолмадик. Айрим ҳамрохларимиз исташмади. Мен бу бинога кириб, Ўзбекистон байроғи ва Ўзбекистонга ажратилган жойни кўриш ниятим бор эди. Аммо бино олдидан бир неча бор ўтдик.

22.jpg

Ер юзидаги бирорта шаҳар Нью Йорк сингари умид ва ишонч билан боғлиқ эмас. Американинг рамзи бўлмиш Озодлик ҳайкали кўп йиллар давомида фаровон ҳаёт илинжида Америкага келганларини кутиб олди. Нью-Йоркдан битта армон билан қайтдим. У ҳам бўлса мана шу — Озодлик ҳайкалига боролмаганим. У ерга бориб қайтиш 10 доллар экан. Ҳамроҳларимиз мана шу 10 долларни кўзи қиймадими ёки бошқа сабаб бўлдими, ҳайкал жойлашган оролга бориш насиб қилмади.

23.jpg

21 март куни Наврўзни Нью-Йоркда нишонладик. Тўғрироғи, катта байрам тантаналарининг устидан чиқиб қолдик. Наврўзни анъанавий тарзда нишонлайдиган халқларнинг вакиллари шаҳар кўчаларида байрам тадбирларини ўтказар эканлар, бундан биз ҳам баҳраманд бўлдик. Шаҳар маъмурияти Наврўзни нишонлаш учун имконият яратиб бергани, ҳатто тартибни сақлаётгани бизни қувонтирди.

АҚШ Давлат департаментининг Хорижий ташриф буюрувчиларни қабул қилиш бўлими таклифи билан “Фуқарлик жамияти ва ОАВ. Бир мамлакат учун лойиҳа – Ўзбекистон” дастури доирасида “океан орти мамлакати”га амалга оширган сафаримиз 2005 йилнинг 21 март куни ниҳоясига етди.

Мендан кўпинча, «Американи бир оғиз сўз билан ифодалай оласизми?» деб сўрашади. Шунда мен, устоз шоир Абдулла Ориповнинг “Америка сеҳрли диёр” деган сўзларидан ўтказиб бирор нарса айтиш қийинлигини айтаман.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
20 441