ЎзА Ўзбек

14.05.2018 14:20 Чоп этиш версияси

Америка адабиёти: ҳақиқат ҳимоясидаги сўз

Америка адабиёти: ҳақиқат ҳимоясидаги сўз
Ҳар бир халқнинг ўзига хос адабиёти бўлгани каби Американинг ҳам такрорланмас, ўзга халқлар ва мамлакатлар бадиий ижоди билан солиштириб бўлмайдиган cўз бўстони бор. 

Тарихан олиб қараганда, ўзига хос шаклланиш ва ривожланиш тадрижига эга бу мамлакат бадиий адабиёти ҳам маҳаллий аборигенлар, испанлар ва инглизлар, шунингдек, француз, рус, япон ва бошқа халқлар маданияти таъсирида пайдо бўлган ва тараққий этган.

05.jpg

Америка адабиёти, объектив сабабларга кўра, қоришиқ маданиятларнинг мумтоз хазинасига ўхшайди. У собиқ шўро мафкураси тазйиқи остида шаклланган совет адабиёти ёки одамкушлик ёхуд ҳарбий салоҳиятни кўз-кўз этаётган адабиётдан инсоний туйғулар (меҳр-оқибат, севги-муҳаббат, шафқат)ни тарғиб қилувчи янги адабиёт сифатида пайдо бўлди. Негаки, сиёсий буҳронлар, руҳий инқирозлардан зериккан оммага ҳаётсеварлик нашидасини сингдирувчи мафкуравий таскин керак эди.
01.gif
– Америка адабиёти ранг-баранглиги ва ижтимоий муаммоларни юзага чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятли, – дейди америка адабиёти ихлосманди, ўқитувчи Зариф Қувонов. – Унда ҳеч бир адабий асар йўқки, ўз-ўзидан машҳур бўлиб кетмайди ва кенг оммага тарқалмайди. Бунга асосий сабаб, асарда кўтарилган миллий руҳ, халқ дарди ва ижтимоий адолатсизликка қаратилган ғоядир. Таъсир кучи эса сўз қудратининг ўқувчи онги ва шуурига кириб келиш билан ўлчанади. Асар таъсирида бутун халқ ва жамият уйғонади. Биз кўп эшитганмиз, қайсидир китоб ирқчиликка қарши курашгани учун энг яхши асар сифатида қаралиб, Нобель мукофотига сазовор бўлган. Бадиий адабиётда фақат ҳақиқатлар яширинган бўлиши керак. У шундай кучки, ҳатто ҳукуматга ҳам ҳисоб бермайди. Шунинг учун айрим амирикалик адибларни дастлаб ўз юрти тан олмайди. Бироқ бадиий савия юқорилиги ва дунё эътироф этгани боис ўзлари ҳам тан олган. Америка адабиёти шу кабилардан хулоса чиқариб, бадиий сўз ва адабий қарашларга юқори назар билан боқади. Шунинг учун ҳам америкалик муаллифлар адабиёт ихлосмандлари учун севимли ижодкорлар бўлиб қолади.

XIX аср охири ва XX аср бошларида АҚШда йирик монополиялар пайдо бўлди. Бу даврда адабиётдаги реалистлар ижодида социал тенгсизлик, зулм ва ҳақсизликни фош этиш бош мақсад қилиб қўйилган. Қашшоқлик ва очлик учун курашишда адабиёт биринчи ўринга кўтарилади.

Асарларида ўз “мен”и эмас, халқ дардини илгари сурган ва ҳақиқий адабиёт кучини кўрсата олган ижодкор сифатида учта забардаст ижодкорларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Булар Жек Лондон, Теодор Драйзер ва Эрнест Хемингуэйдир.

Жек Лондон.jpgХалқни асарлари ортидан эргаштирган, ҳуқуқ ва эркинликларини талаб қилишни ўргатган демократик адабиётнинг йирик намояндаси Жек Лондон ҳисобланади. 1876-1916 йилларда яшаб ўтган ёзувчи реалистик руҳдаги асарлари билан машҳур бўлган. Ўзи ҳам камбағал деҳқон оиласида дунёга келган. Шунинг учун халқ дардини ҳис қилиш ва қаламга олишга қийналмаган. 

Қисқа умри давомида у бир-биридан ўткир асарлар ёзиб қолдирди. “Йўлдагилар шарафи учун”, “Оқ сукунат”, “Қирқ мил нарида”, “Бўривачча” ҳикояларида шимол ҳаёти тасвирланади. “Оталар худоси”, “Совуқ болалар” ҳикоялари унга жуда катта шуҳрат келтиради. Унинг деярли барча асарлари узоқ Шимолдаги инсонларнинг машаққатли турмуш тарзига бағишланади. Айниқса, матонатли, жасоратли ва латофатли негр аёли ҳақидаги “Аёл жасорати” ҳикояси орқали адибнинг ирқчиликка норозилик кайфияти яққол сезилади. “Темир товон” асарида оддий ишчи оиласидан келиб чиққан инқилобчи ҳақида сўз юритилса, “Мартин Иден” романида халқ ичидан чиққан ёзувчининг буржуа жамиятидаги оғир аҳволи ва фожиасини ёрқин акс эттиради. Мазкур асар дунё адабиётида ҳозир ҳам энг кўп ўқиладиган китоблардан.

Теодор Драйзер.jpg
Теодор Драйзер 1871-1945 йилларда яшаб ўтган. У америка адабиётида танқидий реализмнинг юқори поғонага кўтарилишида ўз ҳиссасини қўшган. Бунга асосий сабаб ўзи ҳам эзилган халқ орасидан чиққан ижодкор эди. У “Бахтиқаро Керри”, “Женни Герхардт”, “Молиячи”, “Титан”, “Даҳо” романлари орқали халқ дардини акс эттирди. Эзилган халқни ҳимоя қилиб, корхоналарда оғир юмушларни бажараётган аёллар меҳнатини қоралайди, бой ва манфур кимсаларни қаттиқ танқид остига олади. Танқидий реалистик адабиётнинг машҳур асари ҳисобланган “Америка фожиаси” романи билан ёзувчи сифатида дунёга танилади. Икки томлик бу роман биринчи жаҳон урушидан сўнг ёзилган. Асарнинг бош қаҳрамони буржуа оиласидан чиққан Клайд Грифитс исмли йигит бўлиб, у худбинлиги, севгидан бойликни устун қўйиши туфайли фожиали ўлим топади. Бор айби ошкор бўлади. Биргина манфур кишининг қисмати туфайли асар “Америка фожиаси” деб номланади. 

Аслида роман воқеага чуқур танқидий ёндашилгани, бадиий маҳорат юксаклиги туфайли яхши асарлар қаторидан жой олди. Асарнинг қудрати яна шундаки, қарийб юз йилдан буён севиб ўқилмоқда. 

Эрнест Хемингуэй.jpgАмериканинг яна бир буюк ёзувчиси Эрнест Хемингуэй 1899-1961 йилларда яшаб ўтган. Ҳаёти бевосита уруш йилларига тўғри келгани учун асарларида ҳам айнан ана шу жараёнлар тасвирланади. Ўз персонажлари орқали даҳшатли ва совуқ урушга қаршилиги, адолатсизлик ва қонли тўқнашувларга нафратини баён этади. “Бизнинг замондошлар” китобидаги ҳикояларда булар оғир-вазминлик билан ошкор қилинган бўлса, “Алвидо, қурол” романида уруш жараёнлари ифода этилади. Асарда Австрия-Италия фронтида рўй берган воқеалар ёритилади. 

Адибнинг “Тушдан кейинги ўлим” асарида буқалар жанги, матадорларнинг ўлими ва жароҳатланган отлар таъсирли ифодаланади. Унинг барча асарларида умид ва умидсизлик биринчи ўринда туради. “Тоза ва ёруғ жойда”, “Ҳаёт ёки мамот” асарларида ҳаёт моҳиятини чуқур ёритади, “Чол ва денгиз” қиссасида ҳам инсон иродаси биргина чол қиёфасида гавдалантирилади. Сантъяго образи шу қадар дадил ва ишончли яратилганки, натижада асарнинг обрў қозонишига турки бўлган. 1952 йил ушбу асар учун адиб Нобель мукофотини олган.

Тараққиётнинг ҳозирги босқичида деярли барча соҳада биринчиликни қўлдан бой бермай келаётган АҚШ бадиий адабиёти билан ҳам ибрат оларли қиёфага эга. Аввало, мамлакатда ижодкорларнинг қадри баландлиги, сўз санъати намуналарининг юқори даражада эҳтиром кўрсатилиши бу соҳа тараққиётини таъминлади. Энг юксак инсоний қадриятларни улуғлаган ушбу мамлакат адабиёти кўп жиҳатлари билан дунё бадиий адабиёти келажагини белгиламоқда.

Дилобар АСЛИДДИН қизи

9 529