Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.01.2018 16:54 Чоп этиш версияси

Амалий режалар тақдимоти бўлиб ўтди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 3 январда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилишда умумий ўрта таълим сифатини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. 

Халқ таълим вазирлиги тизимда кечаётган ислоҳотлардан кенг жамоатчилик, айниқса ота-оналарни кенгроқ таништириш, ўқув масканлари ва жамоат ташкилотлари, ота-оналар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида билим масканларининг бу йилги режа ва вазифаларига бағишланган тақдимотларни жорий йил 20 январь куни соат 16.00да юртимизнинг барча мактабларида ташкил этилди. 

- Ота-оналар мажлиси тарзида ўтказилувчи бундай тақдимот тадбири мактабнинг фаолияти, педагоглар жамоаси, ўқитувчилар салоҳияти, тўгараклар иши ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот беради, - дейди Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги 243-мактаб директори Гавҳар Зуҳурова. - Шу ернинг ўзида ўқувчиларнинг давомати, ўқишга бўлган иштиёқини кучайириш, кўпчилик ичида ўзини тутиши, уларнинг дарсдан ташқари бўш вақтини оқилона ва унумли ташкил этиш, Интернетдан фойдаланиш маданиятини тўғри шакллантириш билан боғлиқ масалалар ҳам ота-оналар, маҳалла фаоллари билан биргаликда ҳал этилди. Билим даргоҳимиз "Орзу", "Университет" каби маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорлик қилгани боис маҳалла фаоллари ҳам тақдимотга таклиф этилган. Бундай мулоқот мактабдаги таълим олишга оид шароитларни янада кенгайтириш, тарбиявий ишларнинг натижадорлигини кучайтириш, ўқувчилар давомати, билимларни ўзлаштириши билан боғлиқ долзарб масалаларни биргаликда ҳал этиш имконини берди.

Назокат Усмонова, ЎзА
6 496