ЎзА Ўзбек

17.07.2018 13:01 Чоп этиш версияси

Амалий натижаларга бой ўқув-семинар

Амалий натижаларга бой ўқув-семинар
Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижроси доирасида ўқув-семинар ташкил этилди. 

Вилоят ҳокимлиги, прокуратура ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Гулистон давлат университети ҳамда ҳудуддаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди. 

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ш.Зайниддинов ва бошқалар “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурининг эртамиз эгалари камолотида тутган ўрни ҳақида тўхталиб, ҳужжатда белгиланган вазифаларни оғишмай амалга ошириш мамлакат тараққиётининг муҳим кафолати эканини таъкидлади. 

Семинар доирасида вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, бандлик бош бошқармаси томонидан тумандаги Иттифоқ маҳалласида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда вилоятдаги 50 корхона-ташкилот ва муассаса 1 минг 280 бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмаркада 340 нафар ёшга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. 

– Ёшларни маълум мутахассислик бўйича қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш мақсадида рўйхат шакллантирилди, – дейди Гулистон шаҳар прокурори Сарвар Бозоров. – Мутахассислар томонидан ёш тадбиркорларга имтиёзли шартларда бино, офис техникаси ва материалларини ижарага бериш, интернет билан таъминлаш, бизнес ташаббуслари ва турли йўналишдаги лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди. Ҳунармандчилик соҳасига қизиққан ёшлар қисқа муддатли ўқиш курсларига таклиф этилди. 

Прокуратура, суд, адлия, ички ишлар идоралари ҳамда вилоят ва туман мутасаддилари, корхона, ташкилотлар раҳбарлари томонидан ёшларнинг мурожаат ва таклифлари тингланди. 

Ўқув-семинар ёшлар сайлига уланиб кетди. 

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

А.Қаюмов, ЎзА
8 263