Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 17:00 Чоп этиш версияси

Амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги

Миллий матбуот марказида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида тизимда амалга оширилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда вазирлик мутасаддилари, олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини, педагог ва раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнларини такомиллаштиришга илғор хорижий технологияларни кенг жалб қилиш, илмий салоҳиятни юксалтириш, ёш олимларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қуватлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Амалдаги тартибга кўра, олий таълим муассасаларининг педагог кадрлари уч йилда камида бир марта икки ой давомида ишдан ажралган ҳолда 288 соат ҳажмида Таянч олий таълим муассасалари ҳузуридаги минтақавий ва тармоқ марказларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтишлари шарт.

Ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибалари асосида такомиллаштирилган ўқув режа ва дастурлар асосида ҳар йили минтақавий ва тармоқ марказларида ўртача 8 мингга яқин педагог кадрлар ўз малакасини оширмоқда.

Тадбирда таъкидланишича, олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг ўқитиш шакллари ва услубларини такомиллаштириш натижасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан муваффақиятли ўта олмаётган ўртача 10-15 фоиз педагог кадрлар учун асосий ишдан ажралмаган ҳолда курсларни қайта ўзлаштиришнинг масофавий таълим шакли жорий этилган.

Шу йилнинг апрелидан бошлаб, тингловчилар контингенти етарли бўлмаган 33 йўналиш бўйича 70 нафар, такрорий курслар бўйича 565 нафар олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари учун масофавий қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилди.

Шунингдек, фан, таълим ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида 261 та профиль кафедралар, 97 та илмий-тадқиқот муассасалари ва марказлари ҳамда 57 та ишлаб чиқариш корхоналари базасида тингловчиларнинг кўчма-амалий машғулотлари ташкил этилган.

2019 йилдан бошлаб Лондон Метрополитен университети ҳамда Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда олий таълим сифатини таъминлашда илмий-тадқиқот ишлари йўналишидаги малака ошириш курсларини ташкил этишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўқитиш сифатини ошириш мақсадида 2017 йил сентябрь – 2018 йил апрель ойлари давомида АҚШ, Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Австралия, Австрия, Португалия, Испания, Италия, Латвия, Греция ва бошқа давлатлардан жами 455 нафар хорижий мутахассислар қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ўқув жараёнларига жалб этилган.

– Илмий салоҳиятни ошириш борасида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди вазирлик илмий тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Б.Исмоилов. – Бугунги кунда Республика олий таълим муассасаларида 25 минг 534 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Шундан 8 минг 272 нафари илмий даражага эга. Уларнинг 1 минг 737 нафари фан доктори, 6 минг 536 нафари фан номзодидир. Ҳозирда олий таълим муассасаларида жами 1 минг 398 нафар, жумладан 1 минг 116 нафар изланувчилар таянч докторантурада, 110 нафар изланувчи докторантурада таҳсил олмоқда. Ўтган йилда олий таълим муассасаларида тайёрланган 405 та докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Жорий йилда эса 941 та диссертация ҳимоя қилиниши кутилмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
9 099