ЎзА Ўзбек

11.10.2018 15:42 Чоп этиш версияси

Ҳам шифобахш, ҳам сердаромад

Ҳам шифобахш, ҳам сердаромад

Мутахассисларнинг таъкидлашича, доимий анор истеъмол қилиб юриш юракнинг бақувват ва бир меъёрда ишлашини таъминлайди. Анорни кундалик истеъмол рационига киритган кишига кексалик яқинлашмайди.

photo5330099365919959511.jpg

Анор лотинча "гранатус" сўзидан она тилимизга таржима қилинганда "уруғ" деган маънони англатади. Анор меваси 700 га яқин уруғ шаклидаги доначалардан таркиб топган. Табиатда бу меванинг 10 дан ортиқ тури мавжуд. Улар ранги ва мазасига кўра бир-биридан фарқ қилади. 

photo5330099365919959512.jpg

Юртимизда ҳам анорнинг турли навлари мавжуд. Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида анорчилик ривожланган.

photo5330099365919959514.jpg

Қашқадарёнинг Китоб тумани боғдорчиликка ихтисослашган. Айниқса, Варганза анорлари бутун дунёга машҳур. Серсув ва ўзига хос таъмга эга. Шу кунларда куз фаслида пишиб етиладиган бошқа мевалар қатори варганза анорларини ҳам йиғиб-териб олиш бошланди.

Бу жараённи ўз кўзимиз билан кузатиш мақсадида Китоб туманидаги Анорзор қишлоғида бўлдик. 

– Қишлоғимиз аҳолисининг аксарияти, яъни 700 дан ортиқ хонадон анорчилик билан шуғулланади, – дейди "Анорзор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эътибор Ҳалимова. – Асосан шунинг ортидан рўзғор тебратишади. Ҳозир эрта баҳордан буён қилинган меҳнатнинг самарасини кўрадиган пайт, яъни анорни йиғиштириб оладиган палла. Шу боис ишлар қизғин.

Қишлоқ кўчалари яшикларга жойланган анор ташиётган мотоциклларга тўла. Қишлоқдан озгина чиқишингиз билан анорзорлар ва уни йиғиб-териб олаётган ҳашарчилар кўзга ташланади. Анорзорларни айланиб, уста боғбонлар билан суҳбатлашдик.

– 2,5 гектарга яқин анорзоримиз бор, – дейди “Азамат бедона анорзорлари” фермер хўжалиги раҳбари Азамат Халилов. – Анор кўп йиллик дарахт. Йилига 20-25 тонна анор оламиз. Йил бўйи оилавий ишлаймиз. 10 нафар мавсумий ишчимиз ҳам бор. Белгиланган агротехник тадбирлар вақтида ўтказилса, анордан яхшигина даромад қилиш мумкин. "Анор етти йилда етказади", деган нақл бор халқимизда. Шунинг учун анорчилик деҳқондан сабр-тоқат талаб этади. Ҳар йили ҳосилни сақлашда бироз қийналар эдик. Бу йил 22х8 ўлчамдаги омборхона барпо этдик. Маҳсулотимизни сифатли сақлаш учун барча шароит яратилди. Энди ҳосилимизни узоқ вақт сақлаш имкони пайдо бўлди.

Қишлоқ аҳли анорчиликда кўп йиллик тажрибага эга. Анорни етиштиришдан тортиб, унинг кўчатини сифатли тайёрлашгача маҳорат билан амалга оширилади. Бунинг учун уларга табиат ҳам кўмаклашади. Ҳудудда жойлашган Варганза, Шатри, Анорзор қишлоқлари Қашқадарё дарёси оқиб ўтадиган баланд тоғлар орасида, шифобахш булоқларга бой сўлим гўша. Шу боис бўлса керак, бу ерларда етиштирилган меванинг сифати ҳам, таъми ҳам ўзгача. Айниқса, Варганза анорлари машҳур.

– Энг яхши молингни сотиб анорингни кўм, дейишган ота-боболаримиз, – дея суҳбатни давом эттиради маҳалла оқсоқоли Жаҳонгир Ражабов. – Анорни йиғиштириб олгач, уни кўмиш жараёни ҳам алоҳида эътибор талаб қилади. Кўмиш мавсуми 15-20 кун давом этади. Бу пайтда ҳар бир боғда 25-30 киши кун бўйи ишлайди. Чунки ёшига етган анорларни кўмиш бир-икки кишининг иши эмас. Шунинг учун бу мавсумда боғбонларимиз қўчқор сўйиб, ҳашар қилади. Ҳашарда қишлоқнинг барча йигитлари иштирок этади. Бу анъанага айланган. Ҳашарга айтилдими, кетмонни кўтариб бораверамиз.

Дарҳақиқат, анорчилик – сердаромад соҳа. Меваси инсон организми учун ғоят фойдали бўлган витаминларга бой. Анорзорлик деҳқонлар буни яхши билишади. Йиғиштирилган ҳосилни қисмларга бўлиб, баҳор ойларига қадар сақлайди ва йил давомида бозорларимизни сархил мева билан таъминлайди.

Шу қишлоқлик Эгамберди Боев ҳам эски боғбонлардан. Нафақага чиққач, боғдорчиликка астойдил киришди. Дарё бўйидаги тошлоқ ерни ўзлаштириб, фарзандлари билан ташландиқ ерни тош ва қумдан тозалади. Натижада 15 сотихга яқин ерга яхши ният билан анор экди. Бир неча йил ўтиб, анорлар ҳосилга кирди.

– Тошлоқ ерда боғ қиламан, деганимда ҳеч ким ишонмаганди, – дейди Э.Боев. – Дарёда сув кўтарилганда унинг ўзани бўлган бу ерлар. Салкам бир йил фарзандларим билан тош тердик. Тозаладик. Кейин уни яхшилаб ағдариб, боғ ташкил қилдик. Дам олиб ётган ер эмасми, кўчатлар тез улғайди. Бу воқеага анча йиллар бўлди. Мана ҳозир йилига 6 тоннагача ҳосил оламиз, ерни ўзлаштиришдаги машаққатлар эсдан ҳам чиқиб кетди. Даромадимиз ёмон эмас. Шунинг ортидан ўғилларимга уй-жой қилдим. Машина олдик. Тўйлар қиляпмиз.

Бу қишлоқ одамларининг барчаси анорчиликда ўзига хос тажрибага эга. Улар томонидан етиштирилган анорлар нафақат ички бозорга чиқарилади, балки экспортга ҳам жўнатилади. 

Ў.Баротов, Ж.Норқобилов (сурат), ЎзА​​
2 831