ЎзА Ўзбек

30.08.2018 12:36 Чоп этиш версияси

Ҳам сайил, ҳам ҳуқуқий тарғибот

Ҳам сайил, ҳам ҳуқуқий тарғибот

Мингбулоқ туманида Наманган вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан “Ҳуқуқий ахборот куни” номли оммавий “Адлия сайли” ўтказилди.

Тадбирда вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ва юридик хизмат ходимлари, ҳарбий қисмлар, банклар, тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари вакиллари, ёшлар иштирок этди.

“Адлия сайли“ мазмун-моҳияти ва мақсадига кўра уч қисмдан иборат бўлди. Биринчи қисмда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мардлик ва жасурлик хислатларини шакллантириш мақсадида ҳарбий техника ва қуроллар намойиши ҳамда кўргазмали чиқишлар ташкил этилди. Унда Миллий гвардия ҳарбий қисмлари аскарлари, “Ватанпарвар” ташкилоти курсантлари ва бошқа тегишли идоралар вакиллари иштирок этди. Спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, бокс, каратэ, кураш, шахмат-шашка мусобақалари эса катта спорт байрамига айланиб кетди.

13.jpg

Сайилнинг иккинчи қисмида фуқароларга тегишли йўналишлар бўйича ахборот-консультатив ва давлат хизматлари кўрсатилди. Бунда Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ва Мингбулоқ тумани давлат хизматлари маркази, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, тижорат банклари, бандлик марказлари, тиббиёт муассасалари мутахассислари ўз йўналиши бўйича мурожаатчиларга хизмат кўрсатди.

– Шу ернинг ўзида марказ томонидан 20 дан ортиқ хизмат расмийлаштирилди, – дейди Мингбулоқ тумани давлат хизматлари кўрсатиш маркази вакили К.Турдиалиев. – Ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бешта ариза қабул қилиниб, белгиланган тартибда “Е-IJRO” электрон ҳамкорлик тизими орқали тегишли идорага юборилди. Шунингдек, 6 нафар фуқарога электрон рақамли имзо калити олиниши, яна шунча фуқарога фарзанди учун мактабгача таълим муассасасига йўлланма расмийлаштириб берилиши, 3 нафар фуқаронинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга қўйилиши таъминланди.

Тадбир доирасида вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда доимий иш ўрнига эга бўлмаган 600 га яқин фуқаронинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Шу куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари мутахассислари 1 минг 500 дан зиёд фуқарога бепул тиббий хизмат кўрсатди.

Тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар ва бошқа турдаги истеъмол товарлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

Санъаткорларнинг Ватан, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари, шоир-ёзувчилар иштирокидаги давра суҳбатлари барчада катта таассурот қолдирди.

А. Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
3 699