Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.01.2018 02:26 Чоп этиш версияси

Ҳам ҳарбий, ҳам мусаввир

Ҳам ҳарбий, ҳам мусаввир Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида истеъдодли ижодкор Иқбол Илҳомовнинг «Бу менинг Ватанимдир» деб номланган кўргазмаси очилди.

Иқбол Илҳомов ҳам ҳарбий, ҳам рассом. Она Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилиш баробарида Иқбол тасвирий санъат соҳасида ҳам ижод қилишни унутмади. У ҳарбий ҳаётни муқаддас билди, ўз бурчини сидқидилдан адо этди, лекин қўлидан мўйқаламини сира туширмади. Она заминга, миллий армиямизга бўлган соф туйғусини ва садоқатини бўёқларда тасвир этди. Шу тариқа унинг турли жанрлардаги картиналари юзага келди.

9.JPG

Истеъфодаги подполковник И.Илҳомов экспозициясидан жой олган юртимиз жамоли, тарихий обидалар ва табиат манзараларининг тасвири туширилган асарлари ана шундай меҳнат натижасидир. Мусаввир кўргазмани барчамиз учун қутлуғ ва азиз саналар – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлади.

6.JPG

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида ўсиб-улғайган Иқбол рассомлик бўйича таълим олган. Ҳарбий хизматни аъло даражада бажарган ёш йигитнинг аҳди қатъий бўлди. Аввал тизимдаги ташкилотларда мусаввирлик қилди. Кейинчалик ҳарбий соҳада билимини мустаҳкамлаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтади.

Устози Раҳимжон Ризамуҳамедовнинг таъкидлашича, Иқбол Илҳомов кўнгил мулки бўлган ижодини ўзига ва ўзгага ҳам улаша олди. Унинг асарларида бу борлиқ ва табиат, тарих ва бугунги ҳаёт манзарасини намоён этиб, томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлаётгани ҳам аслида шундан.

Насиба Зиёдуллаева, Ёлқин Шамсиддинов (сурат), ЎзА
11 001