ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Ҳам алимент ундирилди, ҳам оила яраштирилди

Ҳам алимент ундирилди, ҳам оила яраштирилди

Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро суди буйруғига асосан қарздор Рустамжон Имомназаровдан ундирувчи Мадаминова Нилуфар фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган. 

Мажбурий ижро бюросининг Ўзбекистон туман бўлими иш юритувидаги мавжуд ижро иши юзасидан қарздор Р.Имомназаров бир неча маротаба огоҳлантиришга қарамасдан алимент пулини тўлашдан бўйин товлаб келган. 

Бироқ, қарздор Р.Имомназаров деярли 5 йилдан буён алиментдан бўлган қарздорлигини тўламасдан келганлиги сабабли унга нисбатан Ўзбекистон туман маъмурий суди томонидан тегишли моддаларга кўра, 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган. 

Бироқ, ўзига берилган жазодан тўғри хулоса чиқариб олмаган қарздор Р.Имомназаров 59 ойлик жами 30 млн. 575,6 минг сўмлик алимент пулларини тўламасдан, вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган.

Оқибатда қарздор Р.Имомназаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ўтказиш давомида у 30 млн. 575,6 минг сўмлик алимент пулини ундирувчи Н.Мадаминовага тўлиқ тўлаб берди ҳамда уларнинг оиласи қайта тикланиб, жиноят ишига нисбатан яраштирув институти қўлланилди.

4 031
ЎзА