Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 14:49 Чоп этиш версияси

Қаловини топган қор ёндирар ёки фарғоналиклар томорқадан қандай фойдаланмоқда?

“Томорқага экин экиш” ойлиги

Юртимизда аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан бири бўлган Фарғона вилоятида кўплаб хонадонлар ўз томорқасидан унумли фойдаланиб келмоқда. Афсуски, баъзи жойларда аҳоли ихтиёридаги 8-10 сотихлик томорқалар бўм-бўш, қаровсиз ҳолда қолаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини барқарор ошириш ҳамда ер майдонларидан самарали фойдаланиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Фурқат Ашуров. – Айниқса, аҳолининг ўз томорқасидан яхши даромад олиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Шундай бўлса-да, баъзилар бу ишга лоқайдлик билан қараётгани ачинарлидир. Бугунги кунда вилоят миқёсида томорқасидан тўлиқ фойдаланмаётган 7 минг 572 хонадон эгасига биринчи огоҳлантириш хати берилди. Ўз навбатида, томорқасига экспорт экинларни жойлаштириш бўйича кўмак сўраган 41 мингдан ортиқ хонадонга амалий ёрдам кўрсатилди.

Хатлов натижасига кўра, вилоят бўйича 622 минг 924 деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларининг 41 минг 39 гектар экин майдонларига 2018 йил ҳосили учун экинлар жойлаштирилди. Экинлар жойлашувидан келиб чиқиб, етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини оила эҳтиёжи, ички бозор ва экспортга етказиб бериш бўйича аниқ ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилди.

Мутахассислар томорқада “тўқсонбости” усулини кўпроқ татбиқ қилиш лозимлигини таъкидламоқда. 247 мингдан ортиқ хонадонда эртачи экин экилган бўлиб, бугунги кунда дастлабки ҳосилни йиғиб олишга киришилди. 321 мингдан ортиқ хонадонда эса экин экиш ишлари якунига етказилмоқда. Бу борада аҳолига кўмаклашиш мақсадида Қувасой шаҳри ва 14 туманда “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, ҳудудларда томорқа ҳолатини ўрганиш, томорқачиларга амалий ёрдам бериш гуруҳлари тузилиб, хонадонларга бириктирилди. Энди улар эрта баҳордан то кеч кузгача оталиқларидаги хонадон эгаларига томорқадан унумли фойдаланиш бўйича кўмак беради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг ишчи гуруҳ аъзолари Риштон туманида бўлиб, томорқачиликни ривожлантириш, ғалла ва чигит мавсумидаги юмушлар билан танишди. "Узункўча" ва "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли билан суҳбатлар ташкил этилиб, томорқадан фойдаланиш борасидаги ибратли тажрибалар хусусида фикр алмашилди.

Узун маҳалласида яшовчи Мамашариф Умаров хонадонида 6 сотихли иссиқхона барпо этилган. Бир йилда ердан ўртача уч марта ҳосил оладиган оила аъзолари биргина баҳорги экинлар – бодринг, помидор ва аччиқ қалампирдан 25 миллион сўм даромад олишни режалаштирмоқда. Умуман, ҳудуддаги 840 хонадонда яшовчи 4 минг 500 дан ортиқ аҳолининг 95 фоизи томорқадан самарали фойдаланади.

Бўстон маҳалласида ўз фаолиятини бошлаган “Бўстон-1” деҳқон хўжалиги томонидан қаровсиз, ташландиқ бўлиб ётган 1 гектар ерда замонавий иссиқхона ва интенсив боғ ташкил этилди. Бунинг учун тижорат банки томонидан лойиҳа ташаббускори Нўъмонжон Рўзибоевга 200 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Зоҳидон, Амиробод қишлоқларида бўлган киши эрта саҳардан машинасида бозорга бодринг ортиб кетаётган деҳқонларни кўради. Шуни таъкидлаш керакки, бу ерда томорқачиликда ўзига хос мактаб яратилган. Эрта баҳордан бошлаб аҳоли хонадонларида бодринг, помидор ва турли кўкатлар етиштирилиб, бозорга чиқарилади. Маҳсулотлар ҳатто Россияга ҳам экспорт қилинмоқда. Бир оила камида 10 миллион сўм фойда олмаса, деҳқончиликдан кўнгли тўлмайди.

Туманнинг баъзи ҳудудларида сув таъминоти ё ернинг захлигини баҳона қилиб, томорқасини қаровсиз қолдирган хонадонлар ҳам бор. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан улар билан суҳбатлар ўтказилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Томорқа – ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни катта. “Қаловини топсанг, қор ҳам ёнар” деганларидек, ҳар қарич ердан унумли фойдаланган одамнинг рўзғори бут бўлади. Ўзидан ортганини бозорга чиқариб, яхши даромад ҳам олади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
6 339