ЎзА Ўзбек

06.07.2018 19:23 Чоп этиш версияси

Президент айтган Алоуддин Косоний асли ким бўлган?

Президент айтган Алоуддин Косоний асли ким бўлган?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида маънавий-маърифий ислоҳотларни янада кенгайтириш, айниқса, буюк аждодларимизнинг илмий, адабий меросини чуқур ўрганиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, Наманган заминидан етишиб чиққан, диний ва дунёвий билимларда юксак мақомга эришган Алоуддин Косонийни чуқур эҳтиром билан тилга олди.

Хўш, Алоуддин Косоний ким бўлган ва у зот халқимиз маънавий ҳаётида қандай ўрин тутади? Шундай савол билансиёсий фанлар доктори, профессор Турсунбой Файзуллаевга мурожаат қилдик.

– Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз илм-фан, маданият ва санъат соҳаларида дунё тамаддунига беназир ҳисса қўшган алломалар номини юзага чиқариш ва улуғлаш, улар қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу билан бирга, олим ва мутахассисларнинг вазифаси бўлган бу ишга ўз вақтида муносиб ёндашилмагани ҳам аён бўлиб қолди. Масалан, давлатимиз раҳбари вилоятимизда ўтказган сайловолди учрашувида Исҳоқхон Ибрат ҳақида гапиргунига қадар бу улуғ аллома ҳақида нималарни билар эдик?! 

Президентимиз шу йил 2-3 май кунлари вилоятимизга ташрифи давомида фаоллар билан учрашувда буюк аждодларимиздан яна бири Алоуддин Косоний номини ҳурмат билан тилга олиб, у зотнинг диний ва дунёвий йўналишдаги илмий мероси ҳақида ҳам етарлича билим ва тушунчага эга эмаслигимизни таассуф билан қайд этар экан, Алоуддин Косонийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, халқимизга етказиш вақти келганини таъкидлади.

Шундан келиб чиқиб вилоятимизда олимлар, мутахассислардан иборат ишчи комиссия томонидан Исҳоқхон тўра Ибрат ва Алоуддин Абу Бакр Косоний меросини ўрганишга киришилди. Ибратни ўрганиш бўйича сезиларли қадам ташланган бўлса-да, Косоний меросини ўрганиш борасида ҳали илм аҳли олдида катта ишлар турибди. Жуда кам бўлса-да, мавжуд манбаларга таяниб айтиш мумкинки, Алоуддин Косоний ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар ривожига катта ҳисса қўшган аллома.

– Алоуддин Косонийни ўрганиш учун ҳозир қўлимизда қандай манбалар бор? Халқимиз бу зотнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида яқин келажакда қандай маълумотларга эга бўлиши мумкин?

– Алоуддин Косонийнинг таваллуд санаси ҳақида аниқ маълумот йўқ, туғилган жойлари тўғрисида эса “Ўзбекистон – буюк алломалар юрти” номли китобда шундай маълумот келтирилади: “Косон Мовароуннаҳрдаги Шош (Тошкент) вилоятининг орқасида, Фарғона водийси минтақаси – Сайҳун (Сирдарё)нинг шимолий қисмида жойлашган шаҳарлардан бири. Алоуддин Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Косоний мана шу шаҳарда туғилганлиги учун унга Косоний деб ном берилган”.

Ҳ.Ҳомидий, А.Султонхўжаев, М.Комилов сингари олимларнинг тадқиқотларида Алоуддин Косонийнинг Бухорода Алоуддин Самарқандий исмли мударрис қўлида таҳсил олгани қайд этилган. Косоний талабалик йилларидаёқ фиқҳ илмини чуқур эгаллагани билан эътибор қозонган ва “Малик ул-уламо” унвонига сазовор бўлган. Инчунун, у устозининг “Туҳфат ул-фуқаҳо” асарига “Бадоиъ ус-саноиъй фи тартибиш шароиъ” (“Шариат ҳукмларини тартибга солишдаги маҳоратларнинг бадиятлари”, қисқача – “Бадои”) номли шарҳ ёзиб, устозига тақдим этади. Бундан хурсанд бўлган Самарқандий олима ва фақиҳа қизи Фотимани Косонийга никоҳлаб беради. Икки илми толибдан ҳосил бўлган оила тимсолида ўзига хос мактаб вужудга келади. Чунки, бу вақтда Алоуддин Косоний ҳам, унинг фиқҳ, ҳуснихат, ҳадис илмида етук бўлган рафиқаси Фотима ҳам Алоуддин Самарқандий даражасида фатво бериш мақомига етган эди. Улар илм истаб Туркия ва Шом мамлакатларида бўлишади.

– Алоуддин Косоний фаолиятининг асосий йўналиши, умуман, илмий мероси ҳақида нима дейсиз?

– Ул зотнинг илмий мероси, китоблари ҳақида сўз юритилганда юқорида айтиб ўтилган “Бадои” асарига урғу берилади. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фундаментал кутубхонасида сақланаётган 7 жузъдан иборат (5 та китоб ҳолида нашр этилган) бу асарда алломанинг фавқулодда истеъдод ва маҳорати мужассам бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу китобга шундай таъриф берган эдилар: “Бу – улкан китоб. Ундан ҳамма фақиҳлар фойдаланиб келган ва бундан кейин ҳам фойдаланади, иншооллоҳ”.

Ёки “Бадои”ни таржима қилган Шайх Алоуддин Мансур “Ўрганаётганимиз “Бадоиъ ус-Саноиъ” бошқа фиқҳий китоблардан фарқли равишда мукаммал ва муфассал асардир. Унда ҳар бир масаланинг далили изчил текширилади, ихтилофли масалаларнинг сабаблари изланиб, улар тўла ва атрофлича ўрганилади”, – деб ёзади.

Наманган давлат университети олимлари М.Юсупов ва Б.Холмуродов “Бадои”да исломий ақидалар билан бирга иқтисодий-ижтимоий, ахлоқий, яъни дунёвий масалалар тадқиқига ҳам кенг ўрин ажратилгани ҳақида хулоса беради. “Одоб ул-қудот” (қозиларнинг ахлоқ ва одоб нормалари), “Сайр” (инсоннинг юриш-туриш масалалари) каби бўлимлар шулар жумласидан.

Юқоридагилар дастлабки ўрганишлар натижасидир. Бироқ Алоуддин Косоний тарбияланган оила, ота-онаси, ёшлик йиллари, Бухоро мадрасасидаги ўқиши, Туркия, Шом мамлакатларидаги фаолияти билан боғлиқ тўлиқ маълумотлар деярли йўқ.

Бугунги кунда вилоят ишчи комиссияси томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фундаментал кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган манбаларни ўрганиш бўйича ташкилий ишлар бошлаб юборилди. Алломанинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш мақсадида унинг тенгдоши ва сабоқдоши бўлган Бурҳониддин Марғиноний музейига илмий саёҳат ташкил қилиниб, Марғиноний илмий меросини ўрганаётган бир қатор олимлар билан суҳбат уюштирилди. Айрим манбалардаги Алоуддин Косоний Абу Муин Насафийнинг шогирди бўлгани ҳақидаги маълумотлардан келиб чиқиб, ишчи гуруҳ аъзолари Қарши шаҳрида ҳам изланиш олиб борди. Айни пайтда “Алоуддин Косоний – буюк муҳаддис” мавзусида халқаро илмий-назарий анжуман ўтказиш, Наманган шаҳридаги “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида Косоний, Ибрат каби уламолар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган махсус хоналар ташкил қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

ЎзА мухбири 
Акромжон САТТОРОВ
суҳбатлашди

8 030