ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Ҳалол ва ҳамжиҳат бўлсак, биримизга минг беради

Ҳалол ва ҳамжиҳат бўлсак, биримизга минг беради

Бугун дунёда COVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши қатъий кураш олиб борилмоқда. Юртимизда ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Куни кеча муҳтарам юртбошимиз томонидан “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг имзоланиши биз тадбиркорларга яна бир бор ишонч ва ғурур ҳиссини уйғотди десак хато бўлмайди.

Юртбошимиз томонидан биз тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар юзасидан ўз вақтида тўғри ва тезкор қарорларни қабул қилиниши келгусидаги фаолиятимизда ҳам ўзининг ижобий натижаларини беришига ишонаман.

Фармонда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш:

Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида жалб этилган кредитларни сўндириш, шунингдек, биринчи даражали харажатларни амалга ошириш учун фоизсиз бюджет ссудалари ажратиш йўли билан стратегик корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш;

ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт xаражатларининг бир қисмини компенсация қилиш;

коронавирус инфекцияси тарқалишининг салбий таъсирига энг кўп учрайдиган иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини, шунингдек, кредит портфели сифати ёмонлашган ҳолларда тижорат банкларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чораларини тақдим этиш;

уч йилгача бўлган муддатга фоизсиз бюджет ссудаларини ажратиш орқали солиқ тўлаш муддатлари бўйича кечиктириш тақдим этилиши ҳамда тадбиркорлик фаоллигининг сустлашиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларида олинмай қолинадиган даромадлар ўрнини тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилганлиги таҳсинга сазовордир.

Бизнинг “Zarafshan Golden Group” компанияси қурилиш, меҳмонхона ва ресторан хизмати, тўқимачилик, металл конструкциялар, тош минералларини қайта ишлаш, темир-бетон, ғишт, оҳак, туз каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик йўналишларида самарали фаолият кўрсатиб келаяпти. Компания ўз олдига юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш орқали ўз миллий брендини яратиш ҳамда замонавий архитектура талабларига асосида сифатли уй-жойларни барпо этишни мақсад қилиб қўйган. Шунингдек, Россия, Хитой, Испания, Финляндия, Туркия, Қозоғистон каби мамлакатларнинг етакчи компаниялари билан узоқ йиллик ҳамкорлик шартномаларига эгамиз. Қурилиш соҳасига замонавий технологияларни кенг жалб қилган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини камида икки баробарга ошириб, йирик шаҳарларда кўп қаватли турар-жойлар ва ижтимоий объектлар бунёд этилмоқда. Жонажон Ватанимиз “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” эзгу ғояси асосида шиддат билан тараққий этмоқда.

Тадбиркорликда яширин иқтисодиётга йўл қўймасдан ҳалол ва виждонан фаолият юритишни, янги иш ўринларни яратишни ўз олдимизга устувор вазифа сифатида қўйганмиз. Ўйлайманки, жамиятимизнинг барча қатламлари, жумладан биз каби тадбиркорлар ҳам келгусидаги фаолиятини тўғри ташкил этиб, аниқ мақсадларни кўзлаган лойиҳаларни амалга оширади.

Халқимизда “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар” деган доно мақол бор. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида макроиқтисодий барқарорликни, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олишдаги қўллаб-қувватлашларга жавобан биз, тадбиркорлар ҳам қараб турмаймиз. Бу синовли вазиятда давлатимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз ва барча тадбиркорларни шунга даъват этаман.

Улуғбек ФАЙЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
“Zarafshan Golden Group” компанияси таъсисчиси.

805
ЎзA